Бундан мақсад — афғонистонлик тиббиёт мутахассисларига коронавирус инфекциясининг профилактикаси, тарқалишининг олдини олиш, унинг диагностикаси ва даволаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўргатиш, COVID-19ни даволашда замонавий ва самарали усулларни қўллаш бўйича уларнинг амалий кўникмаларини ва малакасини оширишдан иборат.

20 нафар афғонистонлик мутахассисдан иборат делегация мамлакатимизда ўн кун давомида бўлиб, махсус ўқув машғулотларида иштирок этади. Ушбу машғулотлар коронавирус инфекциясини даволаш жараёнида бевосита қатнашган профессионал мутахассисларимиз томонидан ишлаб чиқилган.

Ўқув дастурини тайёрлашда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ҳамда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари етакчи ходимларининг ўрни катта бўлди.

Жумладан, шошилинч тиббий ёрдам, фтизиатрия ва пульмонология, гематология, терапия ва тиббий реабилитация, акушерлик ва гинекология, педиатрия, хирургия, кўз микрохирургияси, эндокринология, вирусология каби қатор соҳалар бўйича тиббиёт марказлари ҳамда илмий-текшириш институтларининг етакчи мутахассислари томонидан коронавирус инфекциясини даволаш ва унинг асоратларини ўзига хос жиҳатлари инобатга олинган.

Шунингдек, ўқув машғулотлари давомида Зангиота туманидаги 1- ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналарида маҳорат дарслари ташкил қилинади. Бундан ташқари, меҳмонлар кўп тармоқли марказий поликлиника ва оилавий поликлиникалардаги ҳамкасбларининг фаолияти билан ҳам танишади. Афғонистонлик мутахассислар Самарқанд вилоятига бориши ҳам кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда коронавирус инфекциясини даволаш бўйича бир қатор амалий ютуқларга эришиб келиняпти. Жумладан, айни пайтда COVID-19 инфекциясининг инсон организмига таъсирини камайтириш ва даволашнинг самарадорилигини оширишга йўналтирилган қатор илмий лойиҳалар устида ҳам иш олиб бориляпти, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Маълумот учун, ЖССТ маълумотларига кўра, Афғонистонда 52 909 ҳолатда коронавирус инфекцияси билан касалланиш қайд этилган бўлиб, шундан ўлим кўрсаткичи 2 230 нафарни ташкил қилади. Сўнгги сутка давомида 200 нафар кишида янги касалланиш ҳолатлари аниқланган.