Жорий йилнинг бошида Япония Халқаро Ҳамкорлик агентлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Қишлоқ хўжалиги тармоқлари-2020» (Agri-net 2020) грант дастурини эълон қилди. Бу дастур уч босқичли танлов асосида бўлиб, қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги барча ташкилотлар ва олий таълим муассасалари миқёсида ўтказилди. Танлов ғолиби Япония давлатининг нуфузли олий-ўқув юртларида грант асосида ўқишни қўлга киритар эди.

Кўпгина ташкилотлар ва олий ўқув юртлари қатори Тошкент давлат аграр университети ҳам ўзининг номзодини тақдим қилди. Бунда «Агробиология» факультети «Деҳқончилик ва мелиорация» кафедраси ассистенти Низомов Шерзод Садретдинович “Сув танқислиги шароитида AquaCrop моделини ўрганиш” мавзуси билан иштирок этди. Уч босқичли танлов натижаларига кўра энг юқори натижа кўрсатган номзодимиз Низомов Шерзод Садретдинович танловнинг мутлақ ғолибига айланди. Эндиликда, у Токио технология ва қишлоқ хўжалиги университетининг докторантура босқичида грант асосида 3 йил таҳсил олади.