Унда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси аъзолари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар кенгаши аъзолари, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлис давомида Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар, хусусан, маҳаллардаги ҳолат, аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оила муносабатларини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди.
Бу йўналишда манзилли, ҳар бир шахс билан индивидуал ва тизимли равишда мунтазам иш олиб боришни ташкил қилиш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар бўйича мутлақо янги — «Темир дафтар», ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган хотин-қизлар ва ёшлар бўйича тегишлича «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» тизимлари ҳаётга татбиқ этилди.
Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш оила ва жамиятдаги ўрни ва иштирокини кенгайтириш бўйича биргина жорий йилда 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Бугунги кунда мамлакатимиз парламентида аёл депутатлар сони Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг 32 фоизини, аёл сенаторлар эса Сенат аъзоларининг 23 фоизини ташкил этди. Маҳаллий кенгашларда аёл депутатлар сони 25 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон парламенти жаҳондаги 190 та парламент орасида 44-ўринни эгаллади.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир ҳудудда «Хотин-қизлар тадбиркорлиги марказлари» ташкил этилди. Улар учун тегишли жамғармалар ва тижорат банкларида имтиёзли кредит линиялари очилган.
Бешта муҳим ташаббус доирасида 21 500 нафар хотин-қиз қисқа муддатли профессионал курсларда ўқитилди. Натижада ўз ишини йўлга қўйган аёллар сони бир йилда деярли 45 мингга ортди, улар томонидан минглаб янги иш ўринлари ташкил этилди.
Республика бўйича 30 ёшдан юқори бўлган жами 6,5 миллионга яқин хотин-қиз билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг 6,8 фоизи яъни 432 минг 781 нафари «Аёллар дафтари»га киритилди.
Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида «Аёллар дафтари» тизими жорий этилди, Давлат бюджетидан ҳар йили 300 миллиард сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди;
Ҳозирги кунга қадар «Аёллар дафтари»га киритилган 131 274 нафар ишсиз хотин-қизлардан 131 109 нафарининг бандлигини таъминланди.
36 394 нафар хотин-қизлардан 36 308 нафари касб-ҳунарга ва ҳаётга руҳлантириш (мотивация бериш) бўйича ўқитилди. 69 877 нафар хотин-қизлардан 68 281 нафари тадбиркорликка жалб этилди ва уларга кредит олишга кўмаклашилди. 15 665 нафар хотин-қизларга томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашилди.
Хотин-қизлар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда мавжуд кредит тизимининг оғирлигини янада енгиллаштириш мақсадида Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан 2021 йилнинг шу вақтига қадар 8 919 нафар аёл-тадбиркорларга 17,5 миллиард сўмдан зиёд кредитлари учун 6,8 миллиард сўм миқдорида кафиллик тақдим этилди, 26 450 нафар аёл-тадбиркорларга 36,6 миллиард сўмлик кредитлари учун 4,5 миллиард сўмлик компенсация тақдим этилди.
Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки бараварга (2 минг) ортди;
Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинглардаги мамлакатимиз ўрнига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Хусусан, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди ва 5 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасидан 134-ўринни (2019 йилда 139-ўрин) эгаллади.
Амалга оширилган ишлар билан бирга, ҳудудда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш бўйича айрим камчиликлар кузатилаётганлиги ҳам қайд этилди. Қўмита мажлисида экспертлар томонидан жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, оила муносабатларини янада яхшилаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.