Анжуман “Ўзбеккўмир” АЖ: 2021 йил якунида кутилаётган натижалар ва Республика аҳолисини маҳаллий кўмир билан таъминлашнинг имкониятлари” мавзусига бағишланди. Мавзу юзасидан жамият бош директори ўринбосари Эркин Якубов, маҳсулот юклаш хизмати раҳбари Элмар Шамхалов, “Кўмир таъминот” МЧЖ бўлим бошлиғи Бахтиёр Узоқов томонидан тегишли ахборотлар берилди.
Жорий куз-қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг анча паст келиши оқибатида энергия ресурслари, жумладан кўмир ёқилғисига нисбатан талаб ошди. Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда бир неча вилоятлар ҳокимликларидан қўшимча кўмир етказиб бериш бўйича мурожаатлар келиб тушган.
Бугунги кунга қадар “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан аҳолига 820 минг тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилди. Айни пайтда ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт кўмир маҳсулотлари савдоси ҳам йўлга қўйилган бўлиб, шу кунга қадар 196 минг тонна импорт кўмир аҳолига сотилган.
Бугунги кунда жамият томонидан республика истеъмолчиларига 5 миллион 200 минг тонна (режага нисбатан 113%), шу жумладан иссиқлик электр станцияларига – 3 млн 683 минг тонна (режага нисбатан 112 фоиз), бюджет ташкилотларига – 454,7 минг тонна (режага нисбатан 101 фоиз), аҳолига – 820 минг тонна, иқтисодиётнинг реал секторига – 233 минг тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилган.
Истеъмолчи аҳоли учун кунлик кўмир ортиб юбориш миқдори ўртача 3,5 минг тоннани ташкил қилмоқда.
Жойларда кўмир ёқилғиси тарқатиладиган “Кўмир таъминот” маъсулияти чекланган жамияти тасарруфидаги 102 та ҳудудий кўмир омборлари ва савдо шохобчаси (88 та омбор ва 14 та шохобча) мавсумга тайёрланган. Омборларда ортиш ишларини жадал амалга ошириш мақсадида улар қўшимча 61 та юкловчи транспорт воситаси (автоюклагич), 56 та махсус юк ташувчи транспорт воситаси, 89 та тарози билан таъминланган.
Жорий йил якунида истеъмолчиларга 5 миллион 300 минг тонна (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 130 фоиз) шу жумладан, аҳоли эҳтиёжлари учун 31 декабрга қадар қўшимча 100 минг тонна, иқтисодиётнинг реал секторига қўшимча 30 минг тонна кўмир етказиб берилади.
Бундан ташқари, ҳудудларда янги қурилиб ишга туширилаётган ижтимоий объектларига асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ҳамда молиявий манбаи аниқланган тақдирда қўшимча кўмир етказиб бериш чоралари кўрилади. Айни кунларда кўмир омборларимизда 49 204 тонна кўмир захираси мавжуд.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Ҳасан Абдуназаров.