Брифингда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Дилшод Раҳимов иштирок этди. Биргина май ойида Президентимиз томонидан ушбу масала бўйича 3 та йиғилиш ўтказилган бўлиб, ҳар бир давлат идорасининг аниқ вазифалари белгилаб берилган ҳамда ушбу ишларнинг молиявий асослари тўлиқ таъминланган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан бозорларда ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг танқислигини олдини олиш ва уларнинг нархларини ошишига йўл қўймаслик чоралари кўриб борилаётган бўлиб, бунинг учун прокуратура органларининг барча куч ва воситалари сафарбар этилган, кунлик фаолиятининг устувор масаласига айланган.
Штаб томонидан деҳқон бозорларидаги вазият доимий таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, биринчи навбатда аҳолини арзон ва сифатли ижтимоий муҳим турдаги маҳсулотлар билан таъминлаш учун деҳқон ва фермерларга кўмаклашиш ҳамда уларнинг манфаатдорлигини оширишга асосланган “даладан дастурхонга” механизми йўлга қўйилган.
Республикамиздаги барча деҳқон бозорларининг кириш ва аҳоли гавжум бўлган жойларида қарийб 2 900 та арзонлаштирилган махсус раста ва савдо нуқтаси ташкил қилинган.
Ушбу расталарга 445 та чорва, 275 та паррандачилик корхоналари, 500 та картошка, пиёз ва сабзи, 140 тага яқин балиқ ҳамда 870 та бошқа ишлаб чиқарувчилар номма-ном бириктирилиб, маҳсулотларнинг доимий ва мўл бўлиши таъминланмоқда.
Жорий йилда ёғингарчиликлар ҳисобига қатор ҳудудларда эртаки картошка, пиёз ва сабзининг бозорга кириб келишида қисқа муддатли узилиш ҳамда янги ҳосил нархининг тебраниши кузатилди.
Республика штаби томонидан ушбу ҳолат қатъий назоратга олиниб, картошка, пиёз ва сабзини ҳудудлар кесимида марказлашган тартибда етказиб бериш йўлга қўйилди.
Биргина Сурхондарё вилоятидан республика ҳудудларига қарийб 6 минг тонна эртаки картошка ва 28 минг тонна янги пиёз ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда бозорларга етказиб берилиши таъминланди.
Бозорларга бириктирилган масъул ходимлар маҳсулот ҳажми ҳамда нархларини кунлик мониторинг қилиб, нархи ошиши мумкин бўлган маҳсулот турини ҳудудлар кесимида олдиндан прогноз қилиш йўлга қўйилган.
Шунга мувофиқ маҳсулотлар арзон ва таклиф юқори бўлган ҳудуддан нарх ошган ҳудудларга интервенция қилиш, яъни маҳсулот миқдорини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳудудлар кесимида манзилли етказиб бериш тадбирлари давом эттирилмоқда ҳамда бу жараён доимий назоратга олинган.
Учинчидан, ҳозирги кунда айрим турдаги маҳсулотлар жумладан шакар ва ўсимлик ёғи нархи ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилмоқда.
Ушбу йўналишда бозор механизмлари жорий этилган бўлиб, товар-хомашё биржаси орқали савдога чиқарилиши жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш борасида Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда тезкор чоралар кўрилмоқда.
Нархларни манипуляция қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш тизимига путур етказувчи жиноятларга қарши муросасиз курашилиб, ўтган даврда ушбу йўналишда айбдор шахсларга нисбатан 187 та жиноят иши қўзғатилган.
Мухлиса Раимова,
ЎзДЖТУ талабаси