Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Республикамизда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланган. Аҳолини рўйхатга олиш – бу мамлакат аҳолисининг муайян вақтдаги “фотосурати”ни олиш имконини берувчи умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир бўлиб, аҳоли тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи ҳисобланади.
Республикамизда демографик жараёнларнинг ҳолатини ўрганишда мамлакат ҳудудида ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари муҳим аҳамият касб этади. Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхатга олиш 1897 йилда ўтказилган бўлиб, ушбу рўйхатга олиш тадбири маълумотлари XIX аср охирида Ўзбекистонда мавжуд оилалар, аҳоли сони, аҳолининг ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам берган.
Кейинчалик Ўзбекистон ҳудудида 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилган. Аҳолининг ривожланиши унинг таркибий тузилиши, хусусиятлари ва демографик жараёнларнинг узлуксиз равишда ўзгариб бориши таъсирида содир бўлиб боради. Шу сабабли аҳолини тадқиқ этиш доимий равишда хусусиятларини кузатиб бориш талаб этилади.
Дастлаб қадимги Греция, Вавилон, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Мисрда каби мамалакатларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилган.
Шу даврда солиқ йиғиш, яъни бож олиш ҳамда ҳарбий мақсад учун асосан эркаклар сонини аниқлаш муҳим бўлган ва асосан эркаклар рўйхатга олинган. Аҳолини илк бор расмий рўйхатга олиш 1790 йил АҚШда, кейинчалик 1800 йил Швеция ва Финландияда, 1801 йил Англия, Дания, Норвегия ва Францияда ўтказилган. Аммо рўйхатга олиш жуда оддий шаклда бўлиб, узоқ муддатга чўзилган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин аҳолини рўйхатга олиш тизими янада такомиллаштирилди. 1945-1954 йилларда 151 та давлатда, 1965-1974 йилларда 179 та давлатда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилган.
XIX асрга келиб, аҳолини рўйхатга олиш жуда кенгайди. Аҳолини рўйхатга олиш аҳоли хақида ахборот тўплашнинг энг кенг кўламли ва кўп мақсадли тадбирдир. Қатор Европа мамлакатларида статистика ташкилотлари тузилди. Аҳолини рўйхатга олиш илмий дастурлар асосида олиб борилиши йўлга қўйилди. Хусусан, 1870-1879 йилларда дунёнинг 48 та, 1890 йилларда эса 57 та давлатида аҳоли рўйхати ўтказилган. XIX аср охирида дунё аҳолисининг 21 фоизи рўйхатга олинган бўлса, XX аср бошида 54 фоиз аҳоли рўйхатдан ўтказилган.
Ўзбекистонда аҳоли қачон рўйхатга олинади?
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармонига мувофиқ Республикамизда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланган.
Аҳолини ҳисобга олиш даври нима?
Аҳолини рўйхатга олишни аниқ бир муддатда ўтказилади. Бу тадбир одатда 10 кундан –12 кун талаб этилади. Аҳолини рўйхатга олиш бир неча ойгача бўлган муддатда ўтказилда. Аҳолини ҳисобга олиш даври айрим ҳолатларда аҳолини рўйхатга олишнинг нозик вақти деб ҳам юритилади. Аҳолини рўйхатга олиш давридан қатъий назар аҳолини рўйхатга олиш биринчи куни соат 00-00 дақиқа ҳолати бўйича қайд этилади.
Мисол учун чақалоқ аҳолини рўйхатга олиш даврида, аммо ана шу аниқ муддатдан кейин дунёга келса, у аҳоли рўйхат олиш тадбирида рўйхатга олинмайди. Аммо кимдир бу нозик вақтда ҳаёт бўлиб, шундан кейин, яъни аҳолини рўйхатга олиш даврида вафот этса, у аҳоли сифатида рўйхатга олинади.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбирида неча ёшдан бошлаб иштирок этиш мумкин?
Аҳолини рўйхатга олишга ёшдан қатъий назар, мамлакатнинг барча аҳолиси иштирок этади.
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш вақтида яшаш жойи (турар жойи) бўйича ўзи бўлмаган фуқаролар ёки вояга етмаганларнинг маълумотлари уй хўжалигининг вояга етган аъзоси томонидан маълум қилинади. Васийлик ва ҳомийликка олинган шахслар бўйича маълумотлар уларнинг васийлари ёки ҳомийлари томонидан маълум қилинади. Ота-оналар ёш болалар ҳақида маълумот берадилар.
Аҳолини рўйхатга олиш бизга нима беради?
Аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари “ижтимоий ҳимоя”, “инвестиция”, “уй-жой”, “соғлиқни сақлаш”, “маданият”, “туризм”, “таълим”, “йўл қурилиши ва инфратузилма” каби манзилли дастурларнинг тайёрланиши ва амалга оширилишида хизмат қилади. Келгусида аҳолини рўйхатга олиш натижаларига асосланиб, ушбу дастурларни амалга ошириш натижаларини баҳолаш, иқтисодий прогнозлаш ва демографик сиёсатни шакллантириш мумкин.
Аҳолини рўйхатга олиш бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тавсияси ҳисобланади. Ҳозирги кунгача дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўтказилди. Мазкур тадбир бутун дунё аҳолисининг умумий, кенг кўламли қиёфаси яратилишига хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш истаги замонавий иқтисодиётнинг асосий манбаи – мамлакатнинг инсоний салоҳияти ҳақида билмасдин амалга оширилмайди албатта. Бизнинг вазифамиз мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш орқали кучлироқ бўлишдир. Бунинг учун аҳолининг таркиби, унинг иқтисодий фаоллиги, таълим даражаси ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишимиз керак. Мисол учун, мамлакатда қанча одам борлиги ҳақида эмас, балки мигрантлар қаердан ва қаерга кетаётганлигини, ёш ва жинс таркиби каби кўплаб маълумотларни билишимиз керак.
Олмазор тумани статистика
бўлим бошлиғи
С. Анназаров
Бош мутахассис
Х.Қамаретдинова