Таъкидланишича, сертификат Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказилган мазкур рўйхатга олиш тадбирида аҳолининг онлайн тарзда, мустақил иштирокини рағбатлантириш мақсадида жорий этилган эди.

Рўйхатга олишнинг онлайн босқичида фуқаролар саволномани интернет орқали ўзлари тўлдирган ва тизим автоматик равишда иштирок этганликни тасдиқловчи сертификатни шакллантирган. Иккинчи, яъни офлайн босқичда эса саволнома фуқаронинг ўзи томонидан эмас, балки рўйхатга олувчи ходим томонидан планшет қурилмаси орқали тўлдирилади. Ушбу жараён интернетсиз ёки чекланган интернет шароитида амалга оширилгани сабабли тизим сертификатни автоматик шакллантириш имкониятига эга эмас.

Шунингдек, онлайн босқичда саволномани тўлдириш жараёни OneID орқали давлат идораларининг ахборот базалари билан интеграция қилинган ҳолда амалга оширилгани туфайли фуқароларнинг айрим шахсий маълумотлари автоматик тарзда акс этган. Офлайн босқичда эса давлат ахборот базаларига тўғридан-тўғри уланиш мавжуд эмас. Шу боис барча маълумотлар фуқаронинг берган жавоблари асосида қўлда киритилади.

Қайд этилишича, ушбу тартиб маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларни тўғри ва ишончли йиғиш мақсадида жорий этилган. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири мамлакат тараққиётини аниқ рақамлар асосида режалаштиришда муҳим аҳамият касб этиб, унинг самараси, аввало, аҳоли томонидан тақдим этилаётган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигига боғлиқ.