Ёнилғи сифати автомобиль двигателининг барқарорлигига бевосита таъсир қилишини ҳамма яхши билади. Шу билан бирга, автобензин маркалари техник хусусиятларига кўра бир-биридан сезиларли даражада фарқланади.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 маркали бензинни АИ-91 ёки АИ-92 маркаси остида сотиш ҳолатлари аниқланган.
Шу сабабли мамлакатимизнинг турли ҳудудларида хусусий корхоналарга қарашли 23 та ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотилаётган ёнилғи сифатини аниқлаш мақсадида назорат харидлари ўтказилди, шунингдек, белгиланган ҳажмдан кам ҳажмларда бензин маҳсулотини қуйиб бериш ҳолатлари ҳам ўрганилди.
Қонунбузарликлар Самарқанд вилоятидаги «Triada ekspress servis» МЧЖ, «Turop Godir» МЧЖ ва «Muxammad neft oil» МЧЖ каби ёнилғи қуйиш шохобчаларида аниқланди. Сирдарё вилоятидаги «SAID AGSM TEX SERVIS», «Бекзод-5», «Мурод Мақсад Транс» ва «LUX PETROL» МЧЖларга қарашли ёнилғи қуйиш ва бошқа шу каби шохобчаларда ҳам бундай ҳолатлар кузатилган.
Ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини ўрганиш натижаларига кўра, бензинни нотўғри сотиш, шунингдек, истеъмолчиларга тўлиқ ҳажмларда қуйиб бермаслик натижасида етказилган зарар миқдори қарийб 489 миллион сўмни ташкил этди. Айни пайтда Қўмита томонидан истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш ва қайта ҳисоб-китоб қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Қўмита томонидан биржа аукционларида харид қилинган ва ёнилғи қуйиш шохобчалари орқали сотилаётган АИ-80 маркали бензин сотилишини тизимли ўрганиб чиқилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Шу тариқа, йил бошидан буён биржа савдолари орқали ўртача 20 тонна, жами 5,2 минг тонна нефть маҳсулотлари харид қилинганига қарамай, 241 та ёнилғи қуйиш шохобчаларида истеъмолчиларга бензин сотилмагани аниқланди, яъни сунъий ажиотаж ҳолати вужудга келтирилмоқда. Ўрганишлар натижалари бўйича материаллар зарур чоралар кўрилиши учун Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига тақдим этилди.