Ўзбекистон ва БАА авиация идоралари келишувига мувофиқ, «Air Arabia» авиакомпанияси шу йил 7 декабрдан бошлаб ҳафтасига 2 маротаба Абу Даби – Тошкент – Абу Даби йўналишида парвозларни йўлга қўяди. Келгусида ушбу қатновларни ҳафтасига 7 мартагача ошириш мўлжалланяпти.
Учрашувда ушбу ҳаво қатновларини кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига парвозларни амалга ошириш имкониятлари, мамлакатимизда етиштирилган маҳсулотларни БААга экспорт қилиш имкониятлари атррофлича муҳокама этилди.
«Air Arabia» вакиллари юкларни ташиш билан боғлиқ батафсил маълумотларни қўшимча равишда тақдим қилишни, 2023 йил давомида авиакомпаниянинг Абу-Дабидаги таянч аэропорти ихтиёридаги самолётлар сони 8 тадан 15 тага кўпайиши кутилаётгани ва шунга мувофиқ Самарқанд ёки Бухоро шаҳарларига парвозларни йўлга қўйишни режалаштирилаётганини маълум қилди.
Муҳокамалар чоғида, шунингдек, «Air Arabia» ҳамкорлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда Европадан Ўзбекистонга сайёҳларни жалб этиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
БАА томони жорий йил 18 ноябрда очилиши кутилаётган Шайх Зоид мерос фестивалида «Ўзбекистон» павильонига таклиф этилар экан, янги авиақатновни мазкур павильон орқали ҳам кенг тарғиб қилишга келишиб олинди, деб хабар беради «Дунё» АА.