Буюк Ипак йўлида жойлашган, шарқ ва ғарбни мустаҳкам боғлаган қадим ва бетакрор юртимиз азалдан таниқли илм-фан намояндалари билан довруқ қозонган. Замонамизгача етиб келган тарихий ёдгорликлар ва ёзма манбалар диёримизда асрлар давомида илм-фан, маданият гуллаб-яшнаганидан дарак беради.
Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудидаги минглаб маданий мерос дурдоналари, минглаб археологик объектлар ва қазилмалар мавжудлиги бунинг тасдиғи ҳисобланади. Бизнинг зиммамиздаги вазифа эса уларни келажак авлодга ҳам бешикаст етказишдан иборат. Бунинг учун эса ёшлар орасида миллий ўзлик, маданий меросимизга бўлган ижобий ёндашувни кучайтириш талаб этилади.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14-19-декабрь кунлари Тошкент шаҳрида маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтган эди. Шу муносабат билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Миллий маданий меросимиз” мавзусида талаба-ёшлар ўртасида видеороликлар танлови ўтказилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизматининг хабар беришича, танловга 150 га яқин видеороликлар келиб тушиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди. Овоз бериш натижаларига кўра энг кўп овозга эга бўлган 20 та видеоролик ҳакамлар ҳайъатига тақдим қилинди. Ҳакамлар видеороликнинг маъно-мазмуни, креатив ёндашилганлиги ва иштирокчининг ижодий маҳоратини инобатга олган ҳолда танлов совриндорлари аниқланди.
Қувонарлиси, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети “Зиёрат туризми” йўналиши 2-босқич талабаси Муҳаммадамин Маманов ҳам қатнашиб, ўзининг “Ўзбекистон маданий мероси ёшлар нигоҳида” номли видеоролиги билан ғолибликни қўлга киритди.
– Юртимиз тарихи ниҳоятда бой, – дейди Муҳаммадамин Маманов. – Бу ўлкадан кўплаб алломалар, илм фузалолари етишиб чиққан. Улар қолдирган нодир қўлёзмалар, китоблар, мукаммал ва гўзал архитектура обидалари бизнинг маданий меросларимиз ҳисобланади. Бу каби ёдгорликларимизни дунёга танитиш бизнинг асосий мақсадимиз саналади. Зеро, юртимизда туризмни ривожлантиришда ёшларнинг аҳамияти ва ўрни беқиёс ҳисобланади. Шу боис танловда “Ўзбекистон маданий мероси ёшлар нигоҳида” номли видеоролигим билан иштирок этдим. Видеоролигим орқали тенгдошларимда юртимизнинг тарихий қадамжолари билан ғурурланиш, фахрланиш туйғусини уйғотишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйгандим. Келгусида “Ўзбекистон маданий мероси дунё нигоҳида” мавзусида видеоролик билан қатнашмоқчиман.
Н. МАҲМУДОВ.