Akfa Университети абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилишни 1 апрель куни бошлаган эди. 20 июль кунига қадар абитуриентлар олий ўқув юртининг расмий сайти орқали ҳужжатларини онлайн топшириш имкониятига эга бўлди. Ҳозирги кунда Akfa Университети фақат тиббиёт йўналишида бакалавриат курсларини таклиф этмоқда.
Akfa Университетига кириш имтиҳонлари математика, биология ва кимё фанларидан (ҳар бир фан бўйича 20 та савол) 29 ва 30 июль кунлари бўлиб ўтади. Имтиҳонга 90 дақиқа вақт ажратилган. Имтиҳон жавоблари 30 июль куни эълон қилинади.
— Коронавирус пандемияси муносабати билан жорий йилда кириш имтиҳонлари онлайн ўтказилади. Абитуриентлар махсус дастур ёрдамида имтиҳон топширади. Дастур имтиҳоннинг холислигини таъминлайди. Абитуриент кўчиришга ёки учинчи шахсдан ёрдам олишга ҳаракат қилса, тизим буни қайд этади, - дея таъкидлади Akfa Университети ректори Беҳзод Жалилов.
2020-2021 ўқув йилида Akfa Университети 100 нафар талаба қабул қилишни режалаштирган. Икки нафар талаба бепул таълим олиш имкониятига эга бўлса, яна 40 нафар талаба ўқиш тўлов пулидан 10 фоиздан 75 фоизгача чегирмага эга бўлади.
Таълим маскани хорижий мутахассисларни, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ватандошларимизни жалб этган ҳолда етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, хусусан, Корея Республикасининг Гачон университети билан кенг ҳамкорликни йўлга қўяди.
Олийгоҳда таълим жараёни инглиз тилида ташкил этилади ва 6 йил давом этади (2 йил тиббий тайёрлов курслари, 4 йил тиббий курслар).