Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази платформасида ташкил этилган йиғилишда мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда ислоҳотларнинг амалга оширилишини баҳолаш ва мониторинг қилиш тизимини шакллантириш, қуёш фотоэлектр станциялари, энергия тежамкор қурилмалар ўрнатиш орқали истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш бўйича “пилот” лойиҳани ишга тушириш, иқтисодиётда ёқилғи нархлари кескин тебранишининг олдини олиш ва унинг барқарорлигини таъминлаш каби вазифалар белгилаб олинди, дея хабар берди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан алоқалар хизмати.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбарияти 3 ой ичида ҳал қилиниши керак бўлган қуйидаги муаммоларни иштирокчилар эътиборига ҳавола этди:
1. Ислоҳотларнинг амалга оширилишини баҳолаш ва мониторинг қилиш тизимини шакллантириш.
Сўнгги йилларда республикада аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини юксалтиришга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Эндиликда ислоҳотлар натижаларини тизимли ва холис баҳолаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда ислоҳотлар натижаларининг миқдорий ва сифат жиҳатдан қиёсий таҳлилини (KPI) ўтказиш, электрон маълумотлар базаларини яратиш таклиф этилган бўлиб, бу катта ҳажмдаги статистик ва бошқа маълумотлардан иборат бундай маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва баҳолашга ижобий таъсир кўрсатади.
Шу муносабат билан иштирокчилар республикада амалга оширилаётган ислоҳотларни баҳолаш ва мониторинг қилиш тизимини шакллантириш бўйича қарор қабул қилишди.
2. Қуёш фотоэлектр станциялари, энергия сақлаш қурилмалари ва қуёш иссиқлик коллекторлари ўрнатиш орқали истеъмолчиларни электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлашга ўтиш.
Бугунги кунда мамлакатда истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришда узилишлар, анъанавий манбалардан электр энергияси ишлаб чиқариш учун сув ресурслари, газ ва кўмир етишмаслиги билан боғлиқ баъзи ҳолатлар учраб турибди. Шунингдек, ИЭСда электр энергияси ишлаб чиқариш натижасида атмосферага зарарли моддаларнинг чиқарилиши атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда. Муқобил энергия манбаларини жорий этишнинг аҳамияти кундан-кунга ортиб бормоқда.
Шу муносабат билан иштирокчилар қуёш фотоэлектр станциялари, энергия сақлаш қурилмалари ва қуёш иссиқлик коллекторларини ўрнатиш, шунингдек, “қуёш панеллари учун кредит" кредит линиясини очиш ва юқорида қайд этилган ускуналарни сотиб олиш ҳаражатларини қоплаш муддатини қисқартириш орқали истеъмолчиларни электр энергияси ва иссиқ сув билан таъминлашга босқичма-босқич ўтиш бўйича “пилот” лойиҳасини йўлга қўйишни таклиф қилишди. “Пилот” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан бирига шундай ускуналар ўрнатиш режалаштирилган.
3. Иқтисодиётда ёқилғи нархлари кескин тебранишининг олдини олиш ва унинг барқарорлигини таъминлаш.
2020 йил 1 майдан бошлаб мамлакатимизда барча турдаги бензин ва дизель ёқилғисининг чакана нархлари давлат томонидан тартибга солиниши бекор қилинди ҳамда нефтни қайта ишлаш заводлари ёқилғини фақат биржа савдолари орқали сотиши белгиланди.
Бундай шароитда ички бозорда ёқилғи нархи кескин ўзгаришига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг харид қобилияти пасайиши, маҳсулот ва хизматлар таннархининг ошиши, шунингдек, республика иқтисодиёти рақобатбардошлиги пасайишига сабаб бўлади.
Шу боис, жаҳон бозорида ёқилғи нархи кескин ошиб бораётган шароитда ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида ёқилғи нархининг ўзгаришларини барқарорлаштиришнинг аниқ механизмларини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳар бир йўналиш бўйича ушбу масалаларга мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, улар оралиқ натижаларни умумлаштиради ва ҳар 25 кунда масъул раҳбарларга ҳисобот тақдим этади.
100 кунлик иш натижаларига кўра, якуний босқичда Акселератор раҳбарларининг йиғилиши ташкил этилади ва белгиланган ҳар бир йўналишни ҳал этишда эришилган натижалар билан таништириб ўтилади.