Турли воқеа-ҳодисаларга бой 2020 йил якунига етиб, янги — 2021 йил бошланишига саноқли кунлар қолганида давлатимиз раҳбари “Ҳумо” спорт аренасида мамлакатимизнинг илғор ёшлари билан учрашувида жуда катта салоҳият, куч-қудрат эгалари бўлган йигит-қизларга қарата: “Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда, сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида юксак қадрлайман”, деди.
Президентимизнинг “Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик — умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим — ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!” деган ёниқ сўзлари мамлакатдаги ёшу қарини илҳомлантирди. Айниқса, 2021 йилнинг юртимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани эртамиз эгаларининг салоҳиятини намоён этиш борасидаги саъй-ҳаракатларга янгича куч бағишлаши, шубҳасиз.
Янгиланаётган дунёда турли-туман соҳаларнинг илм-фан билан боғлиқлиги янги босқичга чиқмоқда. Шу билан бирга, иш фаолияти ва бизнес юритиш тизимлари ҳам ўзгармоқда. Дунёда янги фанлар пайдо бўлди. Улар мамлакатимиз ҳаётига ҳам кириб кела бошлади. Кишилараро муносабат ва бизнесда янги қонуниятлар пайдо бўлди. Шунингдек, муваффақиятли иш юритиш ва илғорлардан бўлиш учун бир эмас, бир қанча фанларни эгаллаш зарурати юзага келди.
Ўтган йили ёшлар ўртасида энг яхши илмий ишланмалар учун умумий қиймати 30 миллиард сўмдан ортиқ бўлган “Ёш олимлар” инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинган эди. Мазкур танлов ўзининг ижобий томонларини намоён қилгани учун бу йил вазирлигимизга бошқа давлат органлари билан бирга ўқувчи ва талабалар ўртасида “Бўлажак олим” танловини ташкил қилиш ва ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларига 50 миллиард сўм маблағ йўналтириш бўйича топшириқ берилди. Оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ҳамда илмий-маданий даргоҳлар бўлғуси Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари эканига эътибор қаратилса, Президентимизнинг ушбу таклифи мазкур бўғинларнинг жуда муҳим қатламини — мактаб ва олий таълим тизимидаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ва кенг кўламли янгиланиш жараёнида ёшларга яратиб берилаётган яна бир қулайликка — ёшлар лойиҳаларининг шакллантирилиши, экспертизаси ва жорий қилинишидаги осонлаштирилган усулга тўхталиб ўтиш жоиз. Яъни ёшларимизни аввал ўқитамиз, кўникма ҳосил қиламиз, иш жойи билан таъминлаймиз, маблағини берамиз. Шу тариқа равнақ топиши учун керакли бўлган барча имкониятларни тақдим қиламиз.
Яқиндан буён қўллана бошлаган “акселератор” сўзи стартапларни қўллаб-қувватловчи ижтимоий институтларни англатади. Президентимизнинг ёшлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар технопарклари ташкил қилиш кўламини кенгайтириш, ёшлар мурожаати платформасини яратиш каби таклифлари айнан акселерациянинг мамлакат миқёсидаги замонавий, долзарб ечимларини ўзида мужассам этди.
Акселераторлар — хўжалик юритиш объектларининг капиталида иштирок этиш эвазига стартаплар учун менторлик, таълимий, молиявий ва эксперт қўллаб-қувватловини таъминлайдиган самарали тизим ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимиз пойтахти ва ҳудудларда йўлга қўйилаётган стартапларнинг ривожланиши учун ёшлардан иборат жуда катта салоҳиятни “1+1” тамойилига кўра, ижтимоий фаолият ва ишлаб чиқаришга йўналтириш муҳим аҳамиятга эга.
“Акселератор” “тезлаштириш” маъносини ҳам ифодалагани учун бу жараён ёшларнинг тадбиркорлик, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига, қолаверса, замонавий тармоқлардан тортиб илм-фангача интеграциясини жадаллаштиришга хизмат қилади. Ўтган йили декабрь ойининг учинчи ўн кунлигида расман иш бошлаган Сирдарёдаги “Бизнес акселератор” ўқув-амалий маркази ёшларда муҳандислик кўникмаларини шакллантириш ва инновацион фаолиятга қизиқиш уйғотиш, уларни иш билан таъминлаш, шунингдек, ҳудуднинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш учун хизмат қилишига ишонамиз.
Марказнинг асосий вазифаларидан бири – замонавий ахборот ва инновацион технологиялар бўйича ўқув курслари ташкил этиш. Бу жараёнга юқори малакали мутахассислар жалб қилиниб, таълим мобайнида замонавий ахборот ва инновацион-педагогик технологиялардан фойдаланилади. Акселераторда ёшларга бизнес ғояларни шакллантириш, уларни амалга ошириш ва юритиш қоидалари ўргатилади. Шунингдек, мазкур марказ Сирдарё вилоятида кичик тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга кўмаклашиб, уларга маркетинг соҳаси бўйича билим беради. Кичик тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда венчур фондларини жалб қилиш бўйича ҳам амалий ёрдам кўрсатади. Ўқув курсларини тамомлаган ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун инвесторларни жалб қилишига кўмаклашилади, уларнинг фаолияти қўллаб-қувватланади.
Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йили 22 майдаги қарорига биноан юртимизнинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич Ёшлар технопарклари ташкил этилиши белгиланган. Технопаркларда фаолият юритувчи иқтидорли ёшлар жамоасини шакллантириш мақсадида “TexnoBus” технологик мобиль таълим платформаси ишга туширилди. Ушбу кўчма таълим платформаси орқали, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, мамлакатимизнинг турли вилоятларидаги ёшлар робототехника ва электроника, 3Д прототиплаштириш, дастурлаш, VR/AR ва бошқа интерактив йўналишлар таништирилмоқда. Шу кунга қадар “TexnoBus” технологик мобиль таълим платформаси юртимизнинг бир нечта чекка ҳудудида бўлиб, қизиқувчи ёшларни йиғиш ва улар ҳаётига технологияларнинг кириб боришига эришди.
Ўқувчи-талабалар, тадқиқотчилар, умуман, илмга чанқоқ иқтидорли ёшларнинг инновация, стартап, технология, дастурлаш бўйича билимини ошириш, шунингдек, лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда тижорийлаштириш кўникмаларини шакллантириш мақсадида TechnoWays технологик ривожланиш марафони ташкил этилди. Мазкур марафоннинг биринчи мавсуми Тошкент шаҳрида ўтказилган бўлса, иккинчи мавсуми Сирдарё, Андижон ва Самарқанд вилоятларидаги ёшларни қамраб олиб, фавқулодда иқтидорлиларни рўёбга чиқаришга хизмат қилди. Марафоннинг учинчи босқичини Қорақалпоғистонда ўтказишни режалаштирдик.
Халқаро тажрибага кўра, иқтисодий ўсишда илмий лойиҳалар билан бир қаторда стартап лойиҳаларни ривожлантириш ҳам катта аҳамиятга эга. Ривожланган давлатларнинг стартап лойиҳаларни такомиллаштириш ва стартап компаниялар ташкил этиш борасидаги бир қанча ишларини мисол қилиб келтириш мумкин. Хусусан, бу соҳага 2019 йилда АҚШ 158, Хитой 110, Ҳиндистон 27, Буюк Британия 23 ва Исроил 18 миллиард АҚШ доллари сарфлаган. Ушбу маблағлар ҳисобига биргина 2019 йили АҚШда 7568 та, Буюк Британияда 1570 та, Хитойда 1505 та ва Ҳиндистонда 798 та янги стартап лойиҳа амалга оширилган.
Ўзбекистонда стартап лойиҳаларни ривожлантириш ва бу орқали республиканинг жаҳон стартап бозоридаги нуфузини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш жараёнида уларни бошланғич босқичда молиялаштириш муҳим ҳисобланади. Кўплаб ривожланган давлатларда бу босқичда давлат томонидан кичик грант маблағлари йўналтирилади ва кам маблағ сарфлаб, лойиҳаларнинг барқарорлиги аниқланади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида икки йил давомида иқтидорли ёшларнинг табиий фанлар соҳасидаги ғояларини тижорийлаштириш ва ривожлантириш мақсадида C.A.T. Science Accelerator — илмий лойиҳалар стартап-акселератори дастури ўтказиб келинмоқда. Бу йил ҳам ушбу дастурда юздан ошиқ ёшлар турли қизиқарли лойиҳалари билан қатнашди. Улар орасидан ўттизга яқин энг қизиқарли лойиҳа саралаб олинди. Ўн иккита жамоа C.A.T. Science Accelerator финалига ўз илмий стартап лойиҳаларини тақдим этди. Акселератор фаолияти давомида жамоалар турли семинар ва тренингларда иштирок этиб, бизнес асослари, солиққа тортиш тизими, бизнесни режалаштириш, корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, инвесторлар олдида чиқиш учун тақдимот тузиш асослари каби мавзулар бўйича малака оширди. Энди акселераторнинг ҳар бир жамоаси мустақил равишда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган стартап лойиҳалар танловига ҳужжат топширади. Жамоаларнинг бизнес режалари Инновацион ривожланиш вазирлигининг танлов комиссияси томонидан алоҳида баҳоланади ва молиялаштиришга тавсия этилади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, ушбу ҳаётбахш тадбирлар ва кенг кўламли ишлар мамлакатда кенг қанот ёйган беш муҳим ташаббуснинг ҳаётга жорий қилиниши доирасидаги яратувчанлик жараёнининг ёрқин мисоли, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва илҳомлантиришнинг яна бир механизмидир.
Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,
инновацион ривожланиш вазири, академик