Ижтимоий тармоқларда дўконларда сотилаётган маҳсулотлар ҳақида танқидий чиқишлари билан танилган "Activist" блогерининг қамалиши билан боғлиқ ҳолатни кўпчилик кузатиб бормоқда.

Аввалроқ, Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2023 йил 8 апрель кунидаги қарорига кўра Ҳ. Н.(1997 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган)га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан МЖтКнинг 34-моддаси тартибида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эди.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур иш бўйича 2023 йил 14 апрель куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига ҳуқуқбузар Ҳ.Н. нинг адвокати С.Ишпулатов томонидан апелляция шикояти келиб тушган.  Суд мажлиси 2023 йил 14 апрель соат 15:00 га тайинланган эди.

Ҳуқуқбузар Ҳ.Н. томонидан адвокатнинг шикоятини кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ариза келтирилганлиги сабабли, МЖтКнинг 324-4 ва 324-8-моддаларига асосан, апелляция шикоятини кўрмасдан қолдириб, апелляция тартибида иш юритишни тугатиш ҳақида қарор чиқарилди.