Унда Қўмита аъзолари, Экспертлар гуруҳи вакиллари, тегишли вазирлик, идоралар раҳбар ва мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар, шу жумладан, «Корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Қонун корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва давлатнинг хўжалик жамиятларидаги хусусий иштирокчилар (акциядорлар) билан тенг иштирокини таъминлашга қаратилган бўлиб, ривожланган хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаси ва Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг (ИҲТТ) тавсиялари асосида тайёрланган.
Жумладан, қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийсига Марказий банкда ҳам ҳисоб варақ очиб, қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар натижалари бўйича пул маблағларининг ҳисоб-китобларини амалга ошириш ҳуқуқи берилишини кўзда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш киритилади.
Фуқаролик кодексига унитар корхонани бошқариш органи сифатида кузатув кенгашини жорий этиш мумкинлигини назарда тутувчи ўзгартиш киритиляпти. Ушбу норманинг амалга жорий этилиши унитар корхона ва унинг эгалари манфаатлари йўлида фаолият юритилишини ҳамда корхона раҳбари устидан самарали назорат ўрнатилишини таъминлайди.
«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонундан акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи («олтин акция») бекор қилиняпти, унинг бекор қилиниши йирик салоҳиятли инвесторларнинг хусусийлаштириладиган корхоналарга бўлган қизиқишини кучайтиришга ижобий таъсир қилади.
Шунингдек, корхоналарни ўрта ва узоқ муддатли (3-5 йиллик) ривожлантириш стратегияси амалга оширилишини таъминлаш орқали уларни корпоратив бошқаришнинг самарадорлигини ошириш мақсадида «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда ижроия органи ва кузатув кенгаши аъзолари ваколатлари муддатини бир йилдан уч йилгача узайтириш белгилаб қўйилади.
Қонун давлат иштирокидаги корхоналарни бошқаришда корпоратив бошқарувнинг илғор тажрибасини жорий этиш орқали улар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади ҳамда қимматли қоғозлар бозорининг асосий инфратузилма объекти ҳисобланган Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси фаолияти такомиллаштирилишини таъминлайди.
Муҳокамалар натижаси юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.