ФАОнинг “Аквакультура сектори ва балиқ қиймат занжири бўйича Миллий тадқиқот ва стратегияси” техник ҳамкорлик дастури доирасида вебинар ташкил этилди. Аквакультура соҳасининг ҳозирги мавжуд вазият таҳлилига бағишланган тадбирда ФАО экспертлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда “Ўзбалиқсаноат” уюшмаси вакиллари иштирок этди.
Дастур мақсади мавжуд муаммоларни аниқлаш, шунингдек, балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўламини ошириш, қайта ишлаш ва сотиш имкониятларини аниқлаш мақсадида ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига қадар балиқ маҳсулотлари қиймат занжири бўйлаб аквакультура соҳасини таҳлил қилишдан иборат. Лойиҳа доирасида хорижий илғор тажрибалар асосида ва ФАО экспертлари иштирокида Аквакультурани ривожлантириш миллий стратегияси ишлаб чиқилади. Лойиҳани амалга ошириш аквакультура соҳасида юқори самарадорликка эришишни таъминлаши, ўз навбатида, шу соҳа билан шуғулланувчи фермерларнинг турмуш даражасини яхшилашга, шунингдек, Ўзбекистон аҳолисини соғлом ва фойдали озиқ-овқат билан таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
“Ўзбекистон тўғридан- тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат ҳисобланади. Бироқ, кўпгина Марказий Осиё давлатлари каби Ўзбекистон ҳам чучук сув аквамаданиятини ривожлантиришга имкон берувчи бой ички сув ресурсларига, яъни дарё ва кўлларга эга. Балиқ етиштириш имкониятларининг ошиши фермерлар ва кишлок ахолисига қўшимча даромад топилишига ёрдам беради. Қишлоқ хўжалиги фаолиятини диверсификация қилиш эса озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлайди”, — дея таъкидлади ФАО лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координатори Шерзод Умаров.
Қиймат занжири миллий назорати ва таҳлили ФАО мутахассислари томонидан миллий ҳамкорлар кўмагида амалга оширилди. Вебинар давомида ФАОнинг аквакультурани стратегик режалаштириш бўйича халқаро маслаҳатчиси Саймон Диффи Ўзбекистон аквакультурасининг мавжуд вазият таҳлилини тақдим этди. Тақдимотда аквакультура соҳасини ривожлантириш бўйича мавжуд чекловлар таҳлили ҳамда хулоса ва якуний фикрлар ёритиб берилди. Таъкидландики, "Ўзбалиқсаноат" уюшмаси Ўзбекистон балиқчилик ва балиқ маҳсулотларини етиштириш тармоқлари вакилларининг кенг доирасини ифодаловчи асосий ташкилот ҳисобланади.
“Ўзбекистонда балиқ истеъмоли ҳозирда йилига аҳоли жон бошига 3-3,5 килограмни ташкил этади, бу эса тавсия этилган даражадан 10-11 кг кам кўрсаткич ҳисобланади. Давлатнинг молиявий қўллаб-қувватлаши орқали соҳа ривожида ижобий натижаларга эришилди ва соҳада сўнгги йилларда ишлаб чиқариш қуввати муттасил ошиб бориши кузатилмоқда. Бироқ, эришилган муваффақиятларга қарамай, балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш самарадорлигини ошириш учун кўп ишлар қилиниши керак”, — дея таъкидлаб ўтди Саймон Диффи.
Мутахассислар соҳага доир бир қатор тавсиялар бериб ўтишди, жумладан, соҳада қонунчиликни такомиллаштириш орқали аквамаданиятни ривожлантириш учун кафолатланган сув таъминоти тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, ички ва ташқи бозорлар учун балиқ етиштиришда юқори сифатли балиқ озуқаси билан таъминлаш, балиқ маҳсулотлари истеъмолини кенгайтириш бўйича миллий маркетинг кампаниясини амалга ошириш ҳамда шу каби таклифларни бериб ўтишди.