М.Қ Учқўрғон туманида истиқомат қилади. Айрим сабабларга кўра, турмуш ўртоғи С. Т билан ажрашган. Бир нафар фарзанди она тарбиясида қолади ва Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг қарорига биноан, отадан ҳар ойда топган даромадидан алимент ундириш тартиби белгиланади.
Мазкур ижро ҳужжати МИБнинг туман бўлими иш юритувига олинади. Давлат ижрочиси томонидан М.Қ.га фарзанди учун алиментни ўз вақтида тўлаб бориш зарурлиги тушунтирилади. Бироқ М.Қ бу мажбуриятга масъулиятсизлик билан қараши туфайли қарздорлик 24 млн сўмга бориб етади. Бўлиб ўтган суд давомида мазкур иш атрофлича кўриб чиқилиб, тарафлар эшитилди. Суднинг қарори билан жавобгарга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Б.Ғ ҳам вояга етмаган фарзандлари учун белгиланган алимент маблағларини тўламай келаётган оталардан бири бўлиб чиқди. Бўлмаса, Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг буйруғи билан қатъий белгиланган суммани тўлар эди. Фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаган қарздор отанинг алиментдан қарздорлиги 38 млн сўмни ташкил этади. Бу бўйича тўпланган ижро ҳужжатлари ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, унга нисбатан ҳам 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.
Фуқаро О.Т ҳам турмуш ўртоғи фойдасига бир нафар фарзанди учун алимент тўламай юргани учун унга нисбатан ҳам суднинг қарори эълон қилинди. Яъни 2 ойдан ортиқ вақт мобайнида алимент маблағини тўлашдан бўйин товлагани учун маъмурий суднинг ҳукми билан 10 суткалик қамоқ жазоси тайинланди.
МИБнинг Наманган вилояти бошқармаси