Инспекция этил спирти, алкоголь, тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва алкоголнинг улгуржи савдосига лицензия беради ҳамда лицензия талабларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга оширади.
Бугунги кунда соҳада 12 694 та субъектлар фаолият олиб бормоқда, буларнинг 2 таси тамаки, 6 таси спирт, 36 таси алкоголь, 17 таси пиво маҳсулотлари ишлаб чиқаради, 345 та корхона улгуржи, 12 288 та корхона чакана савдо билан шуғулланади.
Лицензиялашга оид 267 та мурожаатлар кўриб чиқилди.
Соҳага янги кириб келган 9 та алкоголь, 2 та тамаки ишлаб чиқарувчи ҳамда 44 та улгуржи корхоналарга лицензия берилди, 46 та янги омборхонага рухсатнома расмийлаштирилди.
Лицензия тўловлари тўланиши мониторинг қилиниб, 31,3 млрд сўмлик маблағлар ундирилди. Ишлаб чиқариш линияларидаги электрон ҳисоблагичларнинг 2 564 таси муҳрланди.
Соҳага янги ахборот технологияларини жорий этиш мақсадида тармоқдаги барча субъектлар хатловдан ўтказилиб, уларнинг электрон реестри шакллантирилди.
Маҳсулотлар айланмасини назорат қилиш имконини берувчи “ISAT” номли электрон ахборот тизими яратилди.
Тизим ишлаб чиқариш жараёнида хом-ашё, энергия ва бошқа ресурсларнинг сарфи, маҳсулотларнинг рақамли маркировкалаш тизими орқали реализация қилиниши, лицензия талабларига риоя этилиши ҳамда спиртни ташувчи транспорт воситалари ҳаракатига оид маълумотларни автомат тарзда таҳлил қилиб, хавфларни аниқлайди.
Ахборот тизимига адлия, солиқ, божхона, кадастр, асл белгиси, UzGPS, товар-хомашё биржаси, электр ва газ таъминоти идораларининг ахборот тизимлари, ишлаб чиқариш субъектларининг электрон ҳисоблагичлари, видеокузатув ускуналари ҳамда спирт ташувчи транспорт воситаларининг “GPS Treker” қурилмалари интеграция қилиниб, реал вақт режимида маълумотлар олиниши йўлга қўйилди.
“Рақамли Ўзбекистон–2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси мажлисининг 2025 йил 15 январдаги 6-сонли баёнига кўра “ISAT” ахборот тизимида сунъий интеллект технологиларини ишга тушуриш учун 6,45 млрд сўм маблағлар ажратилиши белгиланди. Бу эса, келгусида ахборот тизимида сунъий интелект технологияларини қўллаш имконияти беради.
Яширин айланмаларга қарши курашиш йўналишида Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор ва назорат тадбирлари натижасида жами 3 067 таноқонуний фаолиятга барҳам берилди, истеъмолга яроқсиз ҳамда инсон соғлиғи учун хавфли бўлган 76 млрд сўмлик алкоголь, 89 млрд сўмлик тамаки маҳсулотлари муомаладан олинди.
Лицензия талабларига риоя этилиши юзасидан 15 та алкоголь, 11 та улгуржи, 3 та спирт ишлаб чиқарувчи жами 29 та корхоналарда текширишлар ўтказилди.
Ўтган давр мобайнида 1 506 та тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Жумаладан, ОАВ орқали жами 1 104 маротаба, шундан, 107 маротаба телевидениеда, 125 маротаба радиода, 780 маротаба интернет тармоғида чиқишлар ташкил этилиб, 92 маротаба матбуотда мақолалар чоп этилган. Ходимларнинг ташаббуслари асосида 402 та оғзаки тарғибот тадбирлари ўтказилган.
Шунингдек, Инспекциянинг 71 -202-86-90 рақамли Ишонч телефони фаолияти йўлга қўйилган.
Инспекция томонидан соҳани тартибга солишга оид қонун ҳужжатлари ижросини ҳамда тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш орқали иқтисодий барқарорликни таъминлашга доир вазифалар ижроси изчил давом эттирилади.
Дилрабо КУРЯЗОВА,
Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси Ахборот бўлими бошлиғи