2021 йил 17 январда Халқ таълими вазирлиги АҚШдан 6 нафар халқаро профессорни қабул қилади. Улар томонидан English Speaking Nation лойиҳаси доирасида умумтаълим мактаб ўқитувчилари учун инглиз тили дарслари ва малака ошириш семинарлари ўтказилади.

6 нафар профессор 10 ой давомида Наманган, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш минтақавий марказларида фаолият олиб боради.

Профессорлар магистр ва докторлик даражалари ҳамда АҚШ, Европа ва Осиёда кўп йиллик ўқитиш тажрибасига эга. Улар TESOL ҳамда TOEFL ўқитиш ҳамда мактаб таълими соҳасида халқаро миқёсда тан олинган сертификат соҳибларидир.

Ҳар йили 350-700 нафар халқ таълими тизимининг инглиз тили ўқитувчилари Минтақавий марказларда қайта тайёрлашдан ўтишини инобатга олсак, америкалик профессорлар ёрдамида 4 000 нафар инглиз тили ўқитувчиси ўз малакаcини оширади, деб хабар беради халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.