Қурултойда халқ вакиллари маҳаллий амалдорни сайлаши, олий ҳукмдордан уни ўзгартиришни талаб қилиши ёҳуд солиқларни камайтириш каби масалаларни сўраши мумкин эди. Унда нафақат маҳаллий маъмурлар, балки хабаргирлар, Амир Темургагина бўйсунадиган, аммо маҳаллий амалдорларга маслаҳатчилик қиладиган тажрибали, илмли ва давлатга садоқатли кишилар ҳам қатнашган. Қурултойларнинг жамият ва давлатдаги ўрнини ўрганган венгер олими Ҳ. Вамбери унга “миллат мажлиси” деб баҳо берган.
Амир Темур даври қурултойи ўша даврда ғарб давлатларида мавжуд бўлган парламентларнинг ҳуқуқий мақомидан ва давлатчиликдаги ўрни жиҳатидан устунлик қилган. Масалан, Англиядаги каби лордлар палатаси ва умум палатадаги каби депутатларнинг берган овозида ва ижтимоий келиб чиқишда фарқ бўлмас, даражасидан қатъий назар ҳар бир зодагоннинг овози тенг эди.
Амир Темур даври қурултойи вазиятга қараб чақирилар, энг муҳим масалалар муҳокамадан ўтар, шахс тақдири давлат тақдири деб тушунилар ва аввало Амир Темурнинг ўзи қурултойни чақиришдан манфаатдор эди. Сирасини айтганда, жамият ва давлат қурултойга эҳтиёж сезган эди. Биз давлатчиликдаги ушбу жиҳатларни эътироф этиб бу даврда қурултой парламент шакли сифатида ўз давридаги шунга ўхшаш тизимлардан илгарилаб кетганлигини англаб етамиз. Уларни чақиришдан мақсад халқ ва давлат ҳоҳиш истагини рўёбга чиқаришга эришиш эди.
Унда нафақат лашкарбошилар, амирлар, давлат амалдорлари қатнашган, балки олиму уламолар ўз фикрини билдирган, улуғ ва кекса тажрибали кишилар, лашкарбошилар марказий ва маҳаллий давлат амалдорларига маслаҳатчи этиб тайинланган.
Соҳибқирон Амир Темурнинг қурултойни яна-да фаоллаштиришга, олиму уламоларни давлат ишига тортишга интилганини Низомиддин Шомий келтирган бир воқеадан билиб олишимиз мумкин. Бу ҳақда у шундай далил келтирган: “Қурултойда Амир Темур уламоларга қараб, ўтган асрлардаги уламолар султонларга яхшилик ва адолат бобида йўл кўрсатганлар, сизлар нега менга раҳнамолик қилмайсизлар ва мен бажаришим вожиб ва лозим бўлган нарсаларни менга айтмайсизлар?”, деди. Уларнинг ҳар бирлари такаллуф билан бир сўз айтиб, у ҳазратнинг ризосига мувофиқ йўл ахтардилар ва “Худога шукрки, Соҳибқирон ҳазрат ўзлари ҳаммага яхши йўлни ўргатадилар, бизларга ўхшаганларнинг насиҳатларига эҳтиёжлари йўқдир”,- дедилар.
Амир ҳазратлари бу сўзларга эътироз билдириб: “Менга таҳсин айтиш ва менинг мижозимга мувофиқ гапиришингиз менга хуш келмайди, вазифа шуки, сизлар ҳар тоифа, ҳар бир томондан келгансизлар, у томоннинг яхши ҳам ёмон аҳволу авзойини менга айтинглар ва ҳеч нимани мендан яширманглар. Мен бу сўзларни сизлар менга ишонч билдиринглар ёки ундан менинг мулкимга бирор фойда етсин, деб айтаётганим йўқ, Ҳазрати парвардигор (унинг шаъни ортсин) бизга берган бу шавкат ва улуғлик бунга ўхшаш такаллуфларга эҳтиёжманд эмас, назаримиз ҳазрат зулжалол (Аллоҳ) ризосини ҳосил қилишдирки, унинг бизга кўрсатган карамлари эвазига неъматлари шукрини бир оз бўлса-да адо этган бўлайлик”.
Амир Темур уламоларга мурожаат этиб уларнинг мақтови эмас, тўғри маслаҳати кераклиги, бундан мақсади давлатда адолат ва фаровонликка эришиш, халқнинг оғирини енгил қилиш эканлигини алоҳида таъкидлайди.
Қурултойлардан ҳам маълумки, Соҳибқирон олимларни давлат ишларига тортди ва уларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатди. Бу ҳақда Низомиддин Шомийда шундай маьлумотлар бор: “Амир Соҳибқирон бир гуруҳ таниқли ва диёнатли олимлардан танлаб, уларнинг ҳар бирини девони аъло томонидан бир амин билан мамлакат чеккаларидан бирига номзод қилди, токи улар тайин этилган томонга жўнаб мамлакат ишларининг тагига етсинлар, агар биронта бир мазлумга зулм етган бўлса, ёки бирон ожизга зўравонлик раво кўрилган бўлса, зарар тиканини мазлумлар оёғидан чиқариб, улардан зўрлик билан олинган нарса исбот қилинса, ўша томонда бўлган хазина молидан уларга қайтариб берсинлар, бўлган аҳволни ёзиб олиб қайтсинлар ва арз иззатгоҳига етказсинлар, токи бундан кейин у зулм қоидаларини улардан йироқлаштирсинлар”.
Амир Темур давлат бошқарув қурултойда олимлар билан кенгашиб, ўз олим ва доно икшиларни вилоятларнинг аҳволини билиб келишга жўнатган. Албатта Амир Темур адолатни таъминлаш учун жойларда тез-тез сўроқ-пурсиш, тафтиш ўтказиб, ҳар жойдан ўз вақтида тўғри хабарлар олиб туришга эришган, аммо Байлақонда ўтказилган қурултойдан кейин давлатни тақводор олим кишиларни вилоятларни аҳволини ўрганиб келишга юборган.
“...Соҳибқирон ўшул мажлисда бир жамоат кишиким, илму тақво ва зуҳду фатво била машҳур эрдилар, ихтиёр қилиб, ҳар бирини бир вилоят сори девон била қўшуб, вилоятлар сори йибарди, то андағи раъойо, ва фуқаро ва масокинларнинг аҳволидин хабардор бўлғайлар. Андин сўнг Соҳибқирон деди: «Бу чоққача бизнинг ҳамиятимиз ул эрдиким, оламни очқайбиз. Шукур худойғаким, наким хотиримиз тилади, муяссар бўлди. Эмдид сўнг ҳимматимиз улдурурким, ҳалойиқ рафоҳият ва фароғатда бўлғайлар. Ва олам ободон ва маъмур бўлғай. Ғараз бу сўздин мақсуд бу турурким, эл мундин нори ҳар неким воқиъ бўлса арз қилғай. Лобудда, то анинг дафъини қилиб, неким беҳуд турур, қилғайбиз”, - деб ёзади Шарафиддин Али Яздий.
Қурултой Амир Темур давлатининг мақсад ва вазифаларини амалга оширишдаги муҳим воситалардан бири ҳисобланган. Амир Темур давридаги қурултойнинг мақоми, унинг ваколатлари, давлатдаги таъсирини тўлақонли тушуниш учун бизнингча, унинг давлатчилик, жамиятда тутган ўрни ва ролини, таъсирини, шу орқали Амир Темур давлатидаги шарқона демократизм ҳамда бошқа қурултойга алоқадор масалаларни чуқур ва атрофлича ўрганиш муҳим деб ўйлаймиз.
Қурултой институти Амир Темур давлатида тенглик, адолат тамойилларини шакллантиришга катта таъсир кўрсатган. Ушбу асослар Амир Темур давлатчилигининг манбаи халқ эканлигини кўрсатади. Қурултой орқали жамият ва давлат ўртасидаги тафовутлар камайиб, ўзаро муносабатлар мувофиқлаштирилган. Қурултойнинг фаоллашуви бу даврда мутлақ ҳокимлик (абсолют монархия) тизимининг янги поғонага кўтарилганлигини кўрсатади.
Шоҳистахон ЎЛЖАЕВА,
ТИҚХММИ миллий тадқиқот университети кафедра мудири, тарих фанлари доктори, профессор