Анжумандан кўзланган асосий мақсад етакчи хорижий ва маҳаллий олий ўқув юртлари, илмий ҳамда инновацион марказлар билан ҳамкорликда фаолиятни йўлга қўйиш бўлиб, у қуйидаги секцияларни ўз ичига олди:

– Ҳисоблаш фанларидаги технологик ютуқлар;

– Ақлли соғлиқни сақлаш учун маълумотлар таҳлили бўйича ютуқлар;

– Муҳандислик ва технологиялардаги сўнгги инновацион тенденциялар;

– Тушунтириш мумкин бўлган сунъий интеллект;

– Илмий ва муҳандислик дастурларидаги замонавий ҳисоблаш усуллари;

– Бошқарув ва технологияларда маълумотлар таҳлилини қўллаш орқали рақамли трансформация;

– Турли тадқиқот дастурларидаги ҳисоблашга оид сунъий интеллект;

– Ҳисоблаш интеллекти, буюмлар интернети ва илғор технологияларни қўллаш.

Ушбу тадбирнинг очилиш маросимида Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири маслаҳатчиси Камола Собирова, Амити университетининг бош кампусининг Ҳиндистон Республикаси раҳбариятидан жаноб Амол Чауҳан, профессор Гуриндер Сингх ва яна бошқа кўплаб меҳмонлар қатнашди.

Конференцияга жами 600 дан зиёд илмий мақолалар тақдим этилган бўлиб, улар орасидан саралаб олинган энг яхши 90 тасининг тақдимоти билан АҚШ, Австралия, Янги Зеландия, Буюк Британия, Италия, Швеция, Россия Федерацияси, Тайван, Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон ва Саудия Арабистони каби давлатлар ҳамда юртимиздан таклиф этилган олимлар офлайн ва онлайн секцияларда фаол иштирок этди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.