Вазирлик маълумотларига кўра, Амударё Тожикистон ва Афғонистон ҳудудларидаги тоғлардан бошланувчи Панж ва Вахш дарёларининг қўшилишидан ҳосил бўлади. Кофарниҳон дарёси ҳам Амударёнинг йирик ирмоқларидан бири ҳисобланади.
Амударё ҳавзасининг юқори қисмида, Тожикистон ҳудудидаги Вахш дарёсида Нурек сув омбори жойлашган. 2026 йил 9 октябрь ҳолатига кўра, сув омборига секундига 408 куб метр сув кириб келмоқда, ундан чиқарилаётган сув миқдори эса секундига 320 куб метрни ташкил этмоқда. Сув омборидаги сув ҳажми 10 миллиард 540 миллион куб метрга тенг.
Амударёнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келадиган қисмидаги сув сатҳи Термиз гидропостида кузатилади. 2026 йил 9 октябрь куни ушбу гидропостда сув сатҳи 239 сантиметрни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 27 сантиметр юқори.
Шунингдек, Керки гидропостида сув сарфи секундига 499 куб метрни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан секундига 63 куб метрга кам.
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати таъкидлашича, келтирилган гидрологик кўрсаткичлар Амударёда сув оқими сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Қайд этилишича, сентябрь–октябрь ойларида дарёларда сув сарфи ва сатҳининг пасайиши мавсумий гидрологик жараён ҳисобланади. Вегетация мавсуми якунланиши муносабати билан сув омборларида кейинги мавсум эҳтиёжлари учун сув захиралари тўпланмоқда.