Жорий йилнинг 31 августдан 2 сентябрга қадар  Бухоро ва Навоий вилоятларини боғлаб турувчи Қизилтепа туманида жойлашган Тўдакўл туризм марказида “Стихия” электрон мусиқа фестивали ўтказилади. Шу муносабат билан фестивал олдидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва кенг жамоатчилик учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Туризм қўмитаси масъуллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Фестивалнинг асосий мақсади жаҳон жамоатчилиги эътиборини экология муаммосига, хусусан, Орол денгизининг ҳолатига, шунингдек, мамлакатимизда ривожланаётган чўл туризми йўналишида сайёҳлар оқимини оширишдан иборат.

Ушбу фестивал Ўзбекистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш, истеъдодларни бир жойда тўплаш, туризмнинг иқтисодиётда тутган ўрни ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, вилоят ёшларининг ижодий камолотини юксалтиришга хизмат қилади.

“Фестиваллар истеъдодли кишиларга ўз ижодини намоён этиши мумкин бўлган майдончалар тақдим этиш орқали рағбатлантиришини таъкидлади. Шу билан бирга, мамлакат ва минтақа учун иқтисодий самара сезиларли. Жорий йилда Ўзбекистон туризм соҳасидан икки миллиард доллардан ортиқ даромад олиши кутилмоқда. Мамлакатга етти миллиондан ортиқ хорижий сайёҳлар келиши кутилмоқда. 2023-йилда 200 га яқин йирик тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, улардан бири “Стихия” ҳисобланади. Анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинаётган фестивал туфайли мамлакатимизнинг янги туризм йўналишларида катта имкониятларга эга эканлигини кўрсатмоқдамиз” – деди Туризм қўмитаси бошқарма бошлиғи Ш.Исакулов.

Масъулларнинг қайд этишича, бу йилги “Стихия” ёрқин ва унутилмас тадбир бўлишни, чет эллик меҳмонлар учун ғайриоддий янги туризм ҳудудини кашф этиши ва мамлакатимиз мусиқа ихлосмандларига янги мусиқий комбинациялар дунёсида завқланиш имкониятини тақдим этади.

Маълумот учун,  фестивал 2017-йилдан буён Мўйноқдаги “Кемалар қабристони”да ўтказилиб келинарди. Жорий йилда эса илк бор тадбир ўтказиладиган жой ўзгартирилмоқда. Фестивалда ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан дижейлар, рассомлар, олимлар, продюсерлар шунингдек, ўзбек мусиқачилари иштирок этади.

Тўдакўл туризм марказида “Стихия” электрон мусиқа фестивалини ўтказиш учун 15 гектар чўл текислигида саҳналар тайёрланмоқда.