Брифингда коронавирус инфекцияси профилактикаси борасидаги саволларга жавоб қайтарилди.
Савол: Боғча ва мактаб ходимлари фарзандимиз тез тез шамолловчи тоифага кирадиган бўлса, онлайн ўқишни таклиф этиб юрибдилар. Болаларнинг барчаси тез-тез шамолласа, қандай болалар ҳақида сўз юритилмоқда. Иммунитетига боғлиқ дейишди, тушунтириб берсангиз?
Жавоб: Болалар касалликка қарши курашиш қобилиятини (иммунитет) ҳомила даврида онадан олади. Иммунитет ҳар бир организмда индивидуал шаклланган бўлади.
Бир ёшгача бўлган чақалоқларда эса иммунитет она организмидан она сути орқали ўтади ва шунинг натижасида болада табиий иммунитет ҳосил бўлади. Бу эса болани турли касалликлардан ҳимоя қилади.
Туғилгандан сўнг болада сунъий иммунитет ҳосил бўлиши учун бола профилактик тарзда эмланади. Натижада бола организмида турли хил инфекцион касалликларга қарши иммунитет пайдо бўлади.
Шунинг учун биринчи навбатда ҳомиладорликни режалаштиришдан аввал она ўз саломатлигини тиклаши ва соғлом фарзанд дунёга келтириши учун қайғурмоғи керак. Онанинг саломатлиги, ҳомиладорлик даврини яхши кайфиятда ўтказиши боланинг соғлиғи учун муҳимдир.
1 ёшдан бола касалликка қарши курашиш қобилиятини ўзи шакллантира бошлайди. Унинг организмини саломатлигига қараб касалликка қай тарзда учраши ва уни кечириши иммунитетига боғлиқ бўлади.
Болада иммунитетни қай даражада бўлиши бир қатор сабабларга боғлиқ бўлади. Жумладан:
✔️ она саломатлиги;
✔️ҳомиладорликни кечиши;
✔️ ирсий касалликлар;
✔️боланинг ривожланиши;
✔️она сути билан озиқланиши;
✔️ турмуш тарзи ва ҳоказо.
Иммунитетни қай тарзда шаклланганлиги бола турли инфекцияга дуч келганда намоён бўлади, яъни у боғчага бориб бошқа болалар билан алоқада бўлганида.
3 ёшгача бўлган болалар йилига 4 мартадан кўп, 3 ёшдан юқори бўлган болалар йилига 6 мартадан кўп респиратор касалликлар яъни ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция), грипп, бронхит каби касалликлар билан касаллансалар бундай болалар тез-тез касалланувчи болалар гуруҳига кирадилар.
Яна гўдакда камқонлик аниқланган бўлса (қонда гемоглобин миқдорининг камайиб кетиши) иммунитет тизими иш фаолиятини сусайтиради. Бундай болалар шифокор назоратида бўлишлари ва сурункали касалликлари бўлса уларни мунтазам равишда даволатиб туришлари зарур.
Савол: Менинг фарзандим 2 ёшда, жуда кўп касал бўлади. Ҳозирги пандемия даврида бундай касалланишидан безовтаман. Бола организмни чиниқтириш учун нима қилишим керак?
Жавоб: Биринчи навбатда, болани шифокор-педиатр кўригидан ўтказиш керак.
Унинг умумий аҳволига қараб махсус тиббий таҳлилларни топшириш талаб этилади. Мисол учун қон таҳлили, пешоб ва ахлат таҳлили топшириш шарт. Бундан мақсад боланинг ички аъзоларида юз бераётган ўзгаришларни ўз вақтида аниқлашдан иборатдир.
Болалар орасида кўп учраб турадиган гижжа ва унинг бошқа турлари иммун тизимига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари қон таркибидаги турли инфекция қўзғатувчи бактериялар ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Буни аниқламай туриб, болага тўғри даволаш усулини қўллаш қийин.
Шунингдек, бола саломатлигини мустаҳкамлаш учун унинг кундалик таомномасига тўйимли ва калорияга бой маҳсулотлардан қўшиш мақсадга мувофиқдир. Жумладан гўштли ва сабзавотли овқатлар, мевалар, денгиз маҳсулотлари, тухум, витаминларга бой табиий шарбатлар ва сут маҳсулотлари боланинг кундалик таомномасида бўлиши зарур.
Сув, ҳаво ва қуёш ванналари организмни чиниқтиришда муҳим омил ҳисобланади. Хулоса қилиб айтганда, болалар орасида соғлом турмуш тарзини тўғри ташкил этиш орқали иммунитетни ошириш мумкин.