Маълум қилинишича, Андижон шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган шахс бир нечта ташмачилар ёрдамида Қирғиз Республикасидан “Дўстлик” халқаро назорат-ўтказиш пункти орқали божхона назоратини четлаб ўтиб олиб келинган тилла буюмларни қабул қилиб олган. Қиймати тахминан 17 минг АҚШ долларига тенг бўлган 162 грамм тилла буюмларни олиб, Андижон шаҳри томон ҳаракатланган вақтида у Хўжаобод туманидаги ЙПХ масканида ушланган.
Тезкор тадбирлар давомида ушбу шахс орқали Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1983 йилда туғилган фуқаро 908 грамм платина металлини сотиш учун харидор излаётгани аниқланган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида мазкур фуқаро қимматбаҳо металлни шартли харидорга 62 950 АҚШ долларига сотиш вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фуқаролардан шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига хабар бериш сўралган. Мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.