Айни йўналишда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига юртимиз гидроэнергетика салоҳияти янада ортади ва арзон электр энергияси манбаини ишлаб чиқариш кескин оширилади. Шу мақсадда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан республика бўйича умумий қуввати 125 мегаватт, ўртача йиллик ишлаб чиқариши 675 миллион киловатт-соат бўлган 250 та микро ГЭС лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилди.
Маълумки, гидротурбиналар тез оқим туфайли қувват ҳосил қилади. Сув қанча тез оқса, у ҳам шунча кўпроқ электр қуввати ишлаб чиқаради, қурилиш жараёнида ва фойдаланиш даврида табиий ландшафт ва атроф-муҳитни бузмайди. Сув сифатига салбий таъсир кўрсатмайди, у асл табиий хусусиятини йўқотмайди. Ихчам ГЭСлар ҳар жиҳатдан фойдали ва нисбатан арзон электр энергияси ишлаб чиқаришда қўл келади.
Ўтган ҳафта охирида Андижон туманининг Завроқ маҳалласидан ўтган каналнинг биринчи пикетида қуввати 200 киловатт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,2 миллион киловатт-соат бўлган микро ГЭС ишга туширилди. Эътиборли жиҳати, ушбу лойиҳа Андижон туманидаги 300 та хонадонни экологик тоза электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 3,4 миллиард сўм, хусусан, асбоб-ускуналар 1,9 миллиард сўм, қурилиш-монтаж ишлари 1,5 миллиард сўмни ташкил этди. Лойиҳанинг ўзини иқтисодий жиҳатдан қоплаш муддати 4,4 йилни бўлиши прогноз қилинмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, лойиҳалаштириш, қурилиш ҳамда ускуналарни ўрнатиш ишлари нисбатан қисқа вақт оралиғида, яъни 2 ойда амалга оширилишига муваффақ бўлинди. Бу вазифа “Ўзбекгидроэнерго” АЖ таркибидаги “Гидропроект” АЖ томонидан 10 кун муддатда ишлаб чиқилган бўлса, лойиҳа агрегатлари “Сувсаноатмаш” АЖ ишлаб чиқариш негизида, саноат кооперацияси асосида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда бир ойда тайёрлаб берилди.
Олтинкўл туманидаги Улуғнор каналида қурилган ихчам ГЭС ҳақида ҳам шундай фикр айтиш мумкин. Қуввати 50 киловатт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 360 минг киловатт-соатни ташкил этган мазкур микро ГЭС 150 та хонадонни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имкониятига эга. Ушбу ГЭС учун чархпалак типидаги агрегатлар “Сувсаноатмаш” АЖда миллий бренд асосида ишлаб чиқарилган.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, биргина Андижон вилоятида аниқланган дастлабки рўйхатга кўра, умумий қуввати 19 мегаваттдан иборат 52 та микро ГЭС қуриш режалаштирилган. Шундан, жорий йилда умумий қуввати 2 минг 130 киловаттли 7 та қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан, сув босимида ишловчи 3 та микро ГЭС, 2 та сув юзида сузиб турувчи кинетик гидроагрегат ҳамда 2 та чархпалак туридаги лойиҳанинг ишга туширилиши кўзда тутилган.
Энг муҳими, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига маҳаллий ҳудудда узлуксиз электр энергияси таъминотига эга бўлиш билан бирга, салкам 40 та муқим янги иш ўрни яратилади.
Қурилиш-монтаж ишлари тендер савдолари орқали аниқланган маҳаллий пудрат ташкилоти томонидан 45 кунда амалга оширилади. Бундан ташқари, 2023–2024 йилларда Андижон вилоятида қуввати 6,9 мегаватт, ўртача йиллик энергия ишлаб чиқариш қуввати 33 миллион киловатт-соатга тенг “Жанубий Фарғона каналида ЖФК-3 ГЭС қурилиши” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Ушбу лойиҳани ишга тушириш орқали келгусида Булоқбоши туманидаги 14 минг хонадонни экологик тоза энергия билан таъминлаш мумкин бўлади.
Ҳудудларда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Ҳиндистоннинг “МАКЛEК” компанияси ўртасида сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали инновацион гидроагрегатларни “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида тайёрлаш ҳамда амалиётга кенг татбиқ этиш мўлжалланган. Мазкур инновацион гидроагрегатлар ҳам республикада биринчи бўлиб айнан Андижон вилоятида — Хонобод шаҳридан ўтган Шаҳрихонсойда 2023 йилнинг июль ойида жорий этилиб, жами қуввати 800 киловатт бўлган 2 та агрегат ўрнатилади.
Вилоятда микро ГЭСларни кенг ривожлантириш учун барча зарур шароит мавжуд. Бунда маҳаллий ҳудуд табиати ҳам гидроэнергетикани изчил тараққий эттиришни тақозо этмоқда. Шу ўринда айтиш лозимки, микро ГЭСлар халқ учун нафақат узлуксиз электр энергияси таъминоти, доимий иш ўринлари, балки, хусусий тадбиркорлик субъектлари учун кафолатланган даромад манбаи ҳам ҳисобланади. Таклиф этилаётган лойиҳаларнинг ўзини қоплаш муддати ўртача 3–4 йилни ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, мазкур соҳа янада жозибадорликка эга бўлади.
Қолаверса, гидроэнергетика тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини ошириш билан бирга, янги қурилаётган ГЭСлар, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар аҳолиси фаровонлиги ошишига, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан мунтазам таъминланишига, юртимиз иқтисодиётининг янада тараққий этишига муҳим замин яратади.
Равшан БОЙҚУЛОВ,
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати раҳбари