Ушбу мажмуа бугун ўзгача қиёфа кашф этган. Майдоннинг атрофи, хоналари, майдонга чиқиш йўлаклари чиройли ҳолатга келтирилган бўлиб, стадион атрофида кичик кўнгилочар ҳудуд барпо этилганки, бу мазкур ўйингоҳда маҳаллий аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқариши учун хизмат қилади.

Шунингдек, дўконларда клуб атрибутикасини сотиш йўлга қўйилган. Бир сўз билан айтганда «Bobur Arena» жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб беради. Қолаверса, бу орқали кўплаб иш ўринлари ҳам яратилди.

Маросимда таъкидланишича, аввал бу стадион йилига 1 ой яъни деярли 20-25 кун фаолият юритган. Шу вақтда 10 та мусобақа ўтказилар холос. Бошқа вақт деярли бўм-бўш турган. ДХШ асосида тадбиркорга берилиши натижасида бу ерда кўплаб дўконлар ташкил этиляпти. «Бобур Арена» деб номланган бу стадион дўконларида спорт кийимлари, спорт буюмлари ва овқатланиш жойлари ташкил этилади. Авваллари 365 кун давомида стадион 20-25 кун фаолият юритган бўлса, энди бошқа маданий, оммавий, кўнгилочар тадбирлар ўтказиш эвазига бу кўрсатгич 100-120 баробарга оширилади. Яна бир муҳим йўналиш, энди республикадаги барча стадионлар аренага ўтқизилиши режалаштирилган.

Очилиш маросими давомида концерт дастурлари ва санъаткорлар томонидан куй ва қўшиқлар йиғилганларга ҳуш кайфият улашди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Суперлигасининг 2-туридан ўрин олган баҳс яъни мезбонлар «Андижон» жамоаси янги аренада дастлабки учрашувини «Сурхон» жамоасига қарши ўтказди ва 1:0 ҳисоби билан ғалабага эришди, деб хабар беради Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.