Маълум қилинишича, Андижон ва Асака шаҳарлари ҳамда Асака туманида уч нафар шахс олдиндан тил бириктириб, ўз хонадонларида яширин лаборатория ва цехлар ташкил этган.

Текширувлар чоғида хонадонлардан қалбаки дори воситалари, уларни ишлаб чиқариш учун ускуналар, бўш флакон ва идишлар, этикетка ва йўриқномалар, муҳрлар ҳамда қадоқлаш учун мўлжалланган турли анжомлар топилиб, мусодара қилинди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қиймати 1 млрд 250 млн сўмлик тўртта ускуна, олти дона муҳр, 214 минг дона бўш флакон ва идишлар ҳамда қадоқлаш воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, 163 турдаги 286 минг 676 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари мусодара қилинди.

Уларнинг орасида “Тивортин”, “Лайботен”, “Ревартон”, “Дипроспан”, “Рияболел”, “Цефазолин”, “Стрептомицин”, “Ампициллин” каби дори воситалари мавжуд бўлиб, асл маҳсулотларининг бозор қиймати тахминан 10 млрд сўмни ташкил этади.

Мутахассислар қайд этишича, бундай шароитда ишлаб чиқарилган дорилар таркиби ва сифати назорат қилинмайди. Бу эса доридаги моддалар миқдорининг ортиқча ёки кам бўлиши натижасида заҳарланиш, аллергик реакциялар ва касалликларнинг оғирлашишига олиб келиши мумкин.

Божхона органлари маълумотига кўра, жорий йил бошидан буён 484 та ҳолат аниқланиб, қиймати 18 млрд сўмлик дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.