Сирдарё вилоят аҳолиси тиббий хатловдан ўтказилиб, хавф гуруҳларига ажратилди. Уларни электрон хариталари яратилди. Тизимни рақамлаштириш, тиббий кластер тизимини ишга тушириш иши бошлаб юборилди.

Бундан ташқари вилоятдаги бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари ва у ерда ишлаётган ходимлар малакасини ошириш, қайта ўқитиш борасида ибратли ишлар амалга ошириляпти. Бугун ушбу олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ташриф буюрди.

Уларга Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлар доктори Рустам Юлдашев соҳада амалга оширилаётган, давлат тиббий суғурта механизмини йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган ишлар, вилоятда ташкил этилиши кўзда тутилган «Гулистон тиббиёт кластери» имкониятлари, аҳолини хатловдан ўтказиш натижалари, электрон поликлиника қулайликлар тўғрисида сўзлаб берди.

Андижонлик шифокорлар Сирдарёлик тиббиёт ходимлар ҳамроҳлигида Гулистон шаҳридаги тиббиёт муассасаларда бўлди. Оилавий шифокор, ўрта тиббиёт ходимлардан иборат терапия ва педиатрия йўналиши бўйича ёрдамчилар, патронаж ҳамширалар ва доялардан ташкил топган тиббиёт бригадалар фаолияти, тиббиёт тизимида ташкил этилаётган йўлланмалар бериш тизими, вилоят, туман кўчаларини кодлаштириш, аҳолига давлат томонидан бепул тиббий хизматлар кўрсатиш ва дори воситалари пакетини ишлаб чиқариш механизмлари ва уни амалиётга татбиқ этиш йўллари билан таништирилди.

Бир сўз билан айтганда, Андижонлик тиббиёт ходимлар Сирдарёда бажарилган ва бажарилиши лозим бўлган ишлар билан танишиш асносида тажриба орттирди, деб хабар беради Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.