Тезкорлик, самимийлик, одамларга яқин бўлиш ва сифатли давлат хизматлари кўрсатиш. Давлат хизматлари агентлигининг бугунги шиори ҳам, иш услуби ҳам шундай. Буни шаҳар ва туманлардаги Давлат хизматлари марказлари ходимларининг фуқаролар келишини кутиб ўтирмай жойларга чиқиб кўрсатаётган сайёр хизматлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида Пахтаобод туманидаги ҳарбий қисмларда ҳарбийлар ва уларнинг оилалари учун барча қулайликларга эга, замонавий техника воситалари билан жиҳозланган махсус автобусда сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилган.
Сайёр хизмат давомида ҳарбий хизматчиларга Давлат хизматлари маркази томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари, улардан фойдаланиш тартиблари, яратилган қулайликлар ҳақида маълумотлар, шунингдек, электрон ҳукуматнинг афзалликлари, масофадан туриб давлат хизматларини олиш бўйича ҳам тушунчалар берилган. Бундан ташқари мутахассислар ҳарбийларга қизиқарли ва фойдали бўлган муҳим ҳуқуқий маълумотлар, хусусан, нотариат, давлат хизматлари ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш соҳаларига доир саволларига жавоб беришган.
Тадбирда қатнашган 30 дан ортиқ ҳарбийлар ва уларнинг оилалари ўша ернинг ўзида жисмоний шахслар учун солиқ тўловчининг идентификацион рақамини (СТИР) олиш, фарзандларини давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш учун йўлланма, фуқароларнинг номида турар жой мавжуд ёки йўқлиги ҳақида маълумотнома берилиши каби хизматлардан фойдаланишган.
- Марказимиз томонидан бир кундан 150-200 нафар жисмоний ва юридик шахсларга 150 дан ортиқ хизматларни кўрсатамиз,- дейди марказ директори Бурҳониддин Усмонов. - Мурожаат қилаётганлар орасида бир кунда ўртача 4-5 та ҳарбийлар ёки уларнинг оилаларини кўришимиз мумкин. Улар хизматни ўтаётган ҳарбий қисмлар эса марказдан 15-20 километр узоқда жойлашган. Шу сабабли ҳам уларда келиб кетиш, навбат кутишда муаммолар бўлиши табиий. Шуларни инобатга олиб ҳарбийларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, бундан буён камида бир ойда бир маротаба ҳарбий қисмларга чиққан холда давлат хизматларини кўрсатишни келишиб олдик.
Умиджон МАМАРАСУЛОВ,
ДХА вилоят бошқармаси
матбуот котиби