Суҳбат давомида Ўзбекистон билан Анголанинг тарихий жиҳатдан фаол шериклик алоқалари сақланиб қолгани, айниқса, таълим соҳасида 1 000 нафардан ортиқ Ангола фуқаролари Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олишганини таъкидланди.
Нелсон Косме Ўзбекистон таълим муассасаларида тиббиёт, суғориш ва кончилик мутахассисликлари бўйича ўқиган, ўз соҳасининг юқори малакали мутахассисларига айланган анголалик талабаларга кўп йиллик ёрдами учун Ўзбекистон раҳбарияти ва унинг меҳмондўст халқига самимий миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Нелсон Косме сўнгги йилларда Ангола Республикаси Африканинг тез ривожланаётган мамлакатларидан бирига айланганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш мамлакат иқтисодиётида устунлик қилади. Минерал хомашё ресурслари – нефть, газ, уран ва олмос экспорти бўйича юқори кўрсаткичларга эга.
Ангола элчиси Ўзбекистон билан манфаатли савдо-иқтисодий шериклик, сармоявий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди. Хусусан, анголалик ёшларни Ўзбекистоннинг кончилик соҳасида кадрлар тайёрлашга ихтисослашган олий ўқув юртларида ўқитишда ҳамкорлик истагини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг 100 нафардан зиёд юқори малакали шифокорлари Анголанинг НЪДалатандо, Луанда, Уамбо, Маланже, Уиже каби шаҳарларида муваффақиятли фаолият юритаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон – Ангола ҳамкорлигини йўлга қўйишда хоҳиш ва катта қизиқиш борлигини тасдиқлаган элчи Нелсон Косме Ангола Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон элчихонаси делегациясининг Луандага ишчи ташрифини ташкил этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди, деб хабар беради «Дунё» АА.