Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, «Баҳор» МФЙ ҳудудида чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий завод қурилиши расман бошланди.
Ушбу инвестиция лойиҳаси Хитой Халқ Республикасининг «CHSET» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, у тўлиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига молиялаштирилмоқда. Мазкур юқори технологияли мажмуа ишга тушгач, йилига 438 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Натижада ҳудудда йилига 75 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.
Шунингдек, мазкур саноат объекти нафақат экологик муаммоларни ҳал этиш, балки аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Завод тўлиқ қувват билан фаолият бошлаши натижасида қўшимча 150 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Бугунги тадбир вилоятда чиқиндиларни бошқаришнинг мутлақо янги, замонавий тизимини ташкил этишда муҳим қадам бўлди.