Глобал бозорда нархларнинг кескин тебраниши ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи бугун мамлакатлар олдига қишлоқ хўжалигига энг илғор технологияларни олиб кириш вазифасини қўймоқда. Юртимизда замонавий қишлоқ хўжалиги атамаси пайдо бўлиб, уни ривожлантириш бошланганига кўп бўлмади. Аммо ўтган қисқа вақтда тармоқдаги йирик ва инновацион лойиҳалар аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, асосийси, ички бозорларда нархлар барқарорлигини сақлашга хизмат қиляпти.

Бу борада халқаро ҳамкорликдаги лойиҳалар улуши ҳам сезиларли ошмоқда. 27 апрель куни Президент раислигида қишлоқ хўжалигида халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларнинг бориши ҳамда таълим сифатини яхшилаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда таъкидланганидек, сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалиги соҳасига 2,5 миллиард доллар хорижий ресурслар жалб қилинган. Шундан, 1,7 миллиард доллар ўзлаштирилиб, 4 мингга яқин лойиҳа амалга оширилди. Бунинг ҳисобига 2,5 минг гектар замонавий иссиқхоналар, 11 минг гектар интенсив боғлар, 6 та кўчатчилик хўжалиги ва 350 минг тоннали музлаткичли омборхоналар ташкил этилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — ФАО ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигидаги “Келажак авлод учун ақлли деҳқончилик” лойиҳаси ана шундай истиқболли ҳаракатлардан бири. У иссиқхона деҳқончилигини ривожлантиришга қаратилган. Яъни, қишлоқ жойлардаги кичик иссиқхоналарни замонавий усулда модернизация қилиб, илғор технологияларни қўллаш ҳисобига маҳсулот етиштиришда юқори сифат ва ҳосилдорликка эришиш мақсад қилинган.

Лойиҳанинг илк босқичи ўтган йили Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида бошланди. Ўшанда 20 та хонадон танлаб олиниб, уларнинг иссиқхоналари лойиҳа гранд маблағлари ҳисобидан охирги технологиялар асосида қайта таъмирланди.

— Бу глобал миқёсдаги лойиҳа бўлиб, ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Вьетнам мамлакатларида амалга оширилмоқда, — дейди ФАО лойиҳасининг миллий маслаҳатчиси, агроном Хайрулла Эсонов. — Лойиҳанинг умумий қиймати 3,4 миллион долларга тенг. Келишувга кўра, лойиҳа Ўзбекистонда 2020—2024 йиллар давомида амалга оширилади. Жараёнда асосан кичик ҳажмдаги иссиқхоналар билан ишлангани боис, биринчи босқичда 1,2 сотихдан 9,4 сотихгача борадиган майдонлар танланди. Илк босқичда манфаатдорлар қишлоқлардаги даромади паст ва доимий бўлмаган уй хўжаликлари орасидан танлаб олинди. Шу билан бирга, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг сони кўп бўлган хонадонларга устувор аҳамият қаратилди. Ўтган йили иссиқхонада ишларни бошлаб юборган лойиҳа иштирокчилари шу кунларда биринчи ҳосилини олиш арафасида. Замонавий технологиялар ёрдамида манфаатдорларнинг бир неча баробар кўпроқ ҳосил олиши ва, асосийси, бу орқали даромадлари ошиши кутилмоқда.

Лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини оширишда муҳим аҳамиятга эга. 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида қишлоқ хўжалигини илмий асосда ва интенсив ривожлантириш орқали деҳқон, фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш белгилангани ҳолда, бу борадаги ташаббусларнинг қўллаб-қувватланиши қўшимча самарадорлик беради.

Қолаверса, томорқачилик ҳудудларда камбағалликни қисқартириш, аҳолини иш ҳамда доимий даромад манбаи билан таъминлашда таянч нуқтага айланиб бормоқда. Бугунги кунда сабзавот, кўкатлар ёки бошқа турдаги маҳсулотларни етиштиришда кичик ҳажмдаги иссиқхонадан фойдаланиб, даромадли тижорат ғояларини амалга ошириш мумкин. Бу борада аҳолига таклиф этилаётган лойиҳалар эса ҳамёнбоп, тежамкор ва самарали бўлишига эътибор қаратиляпти.

Зараркунандаларга қарши кучли ҳимоя

Қишлоқ хўжалигида кўпинча сув танқислиги, ер унумдорлигининг пастлиги, касаллик ва зараркунандалар юқори ҳосил олишга тўсқинлик қилади. Анъанавий қишлоқ хўжалигида бу муаммоларга қарши курашда катта харажат ва воситалар талаб этилсада, ҳар доим ҳам кутилган натижани беравермайди. Замонавий деҳқончилик эса барча жараённи назорат қилиш мумкин бўлган илғор технологияларни таклиф этмоқда. Бу нафақат сув ёки бошқа ресурсларни тежовчи, балки зарур ҳаво ҳароратини таъминлашгача қаратилган энг янги усуллардир.

 ФАОнинг “Келажак авлод учун ақлли деҳқончилик” лойиҳаси ана шундай юқори технологияларга асосланган. Лойиҳа бўйича иссиқхоналар тўлиқ замонавий тизимга мослаштирилиб, ишлаб чиқаришнинг беш асосий омили — иқлимни бошқариш, зараркунандалар ва касалликларга қарши курашиш, иссиқхонанинг бошқарув амалиётлари, сувдан фойдаланиш ва ўсимликларни озиқлантириш бўйича мақбуллаштирилади. Бу бир неча босқичдан иборат жараён бўлиб, аввало, иссиқхоналар учун янги қоплама материаллардан фойдаланиш таклиф этилади. Қалинлиги 180—200 микрон бўлган ўта пишиқ полиэтилен плёнкалар таркиби махсус қўшимчалар билан тўйинтирилган. Мазкур қўшимчалар ультрабинафша нурланишини ўзига ютиб, иссиқхонанинг ички юзасида томчилар шаклида конденсация ҳосил бўлишининг олдини олади.  

Қиш ойлари иссиқхонани иситишда озиқ-овқат хавфсизлиги ва атроф-муҳитга зарарсиз бўлган муқобил иситиш тизимларидан фойдаланилса, иссиқ кунларда совутиш учун иссиқхона юзасига анъанавий лой сепиш ўрнига, соя берадиган тўрлар ёпилади. Зараркунандаларга қарши курашнинг янгича усули бўлган тутқич ва чивинларни тутиб қоладиган тўрлар эса танлаб олинган ҳудудлар амалиётида янги усулдир. Мутахассисларнинг айтишича, бу тўрлар ҳаво айланишини ҳам яхшилайди.

Иссиқхоналарга кираверишига вирус ҳамда бактерияларга қарши қўш эшикли тизим ўрнатилган. Дезинфекцияловчи пол қопламалари, содда қилиб айтганда, мат ёки гиламча ифлосланишларга қарши курашишга ёрдам берадиган гигиеник восита сифатида тўшалган. У иссиқхона ичига киришдан олдин пойабзалдаги вирус ва бошқа касалликларни олиб кириши мумкин бўлган кир ёки лой бўлакларини тозалайди.

Қолаверса, лойиҳа доирасида танлаб олинган 20 та иссиқхонанинг барчасига насослар, фильтрлар, сув идишлари ва шланглардан иборат замонавий томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилди. Ҳар бир хонадон эгасига сувнинг шўрлиги ва кислоталилиги, электр ўтказувчанликни ўлчайдиган махсус асбоблар берилди. Ўтказилган таҳлиллар натижаларига кўра, ҳар учала ҳудудда суғориш учун фойдаланиладиган сувнинг шўрлиги ва кислоталилиги юқори экани аниқланган. Шу боис, лойиҳа иштирокчилари экинни суғоришдан олдин сувга махсус кислоталар қўшиб, унинг кўрсаткичларини тўғрилаб боради.

Тажрибани синовдан ўтказаётган хонадон аъзолари “ақлли” иссиқхонадан фойдаланиш давомида илғор технологиялар ишни тўғри ва самарали ташкил этишига амин бўлмоқда.

— Менга зараркунандаларга қарши курашда ФАОнинг янгича ёндашувлари жуда ёқди, — дейди андижонлик Махсудахон Бахрамова. — Ўтган йили томорқамизда помидор етиштирган эдим. Афсуски, зарарли ҳашаротлар ҳосилнинг деярли ярмини йўқ қилди. Илгари мен уларга қарши пестицидларни кўп ишлатардим. Ҳозир эса иссиқхонада умуман зараркунанда ва касалликлар йўқ. Ўғитлардан фойдаланишдаги янгича ёндашув ҳам ҳосилдорликка жуда яхши таъсир қилди — буни помидорнинг биринчи куртакларига қараб билишимиз мумкин. Бу ҳосилдан 30 миллион сўмга яқин даромад олишни режалаштирганман. Очиғи, турмуш ўртоғим ногирон, қарамоғимда уч нафар вояга етмаган фарзандим борлиги боис, асосий даромадимиз шу томорқадан. Энди бу ердан кўпроқ ҳосил ва даромад олишимиздан хурсандман. Бу оиламиз учун катта ёрдам.

Янги усуллар оммалашмоқда

Аслида, лойиҳа 3 босқичдан иборат бўлиб, ишлаб чиқаришни ташкил этиш, қайта ишлаш ва сотиш тизимини йўлга қўйиш ҳамда техник кўмак кўрсатишни ўз ичига олади. Мутахассислар аҳолига иссиқхонани замонавийлаштиришда кўмаклашиш баробарида, ҳар ҳафта техник ёрдам ҳам кўрсатиб боради. Шу кунга қадар иссиқхона эгалари учун ташкил этилган тренингларда ўнлаб бенефициарлар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахслар иштирок этди.

— Машғулотларда асосан санитария ва чекловчи чоралар, сув ресурсларини бошқариш ва ўсимликларни озиқлантириш, тупроқни бошқариш, зараркунанда ва ўсимликлар касалликларини комплекс назорат қилиш ва бошқа кўплаб мавзулар бўйича илғор хориж тажрибаси ўргатилади, — дейди Хайрулла Эсонов. — Хусусан, экинлар ҳосилдорлигини оширишда муайян амалиётларни қўллаш таклиф этилади. Айтайлик, ўсимликларни чанглатиш “Bombus Terrestris” деб номланувчи махсус арилар ёрдамида амалга оширилиши самарали. Бундан ташқари, иссиқхонада ўсимликлар орасидаги масофа ҳам муҳим — у 40 сантиметр, эгатлар орасидаги масофа эса 50 сантиметр бўлиши мақсадга мувофиқ.  

“Ақлли” иссиқхонада бу каби янги усулларнинг барчасини қўллаш учун шароитлар мавжуд. Агар хонадон эгалари ускуналардан кўрсатилганидек тўғри фойдаланса, технология узоқ йилларгача хизмат қилади. Унинг ёрдамида пишиб етиладиган маҳсулотлар эса сифати ва экологик тозалиги билан тезда харидорларини топади. Асосийси, бундай иссиқхоналарда йил давомида маҳсулот етиштириш мумкин. Ҳосилдорлик ва сотиш ҳажми эса камида 20 фоизга ошади.

Бу лойиҳанинг дастлабки босқичи холос. Навбатдаги қадам йиғим-теримдан кейинги қайта ишлашни такомиллаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги назорати ва маркетингни яхшилашга қаратилган. Бу орқали лойиҳа қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, иссиқхона деҳқончилигини ривожлантириш ҳисобига ички ва ташқи бозорларни сифатли ҳамда экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири