Бу ҳақда Axios хабар берди.

Манбаларга кўра, мазкур келишув кейинчалик урушни тўлиқ тугатишга олиб келиши мумкин.

Бироқ музокараларда иштирок этаётган манбалар яқин 48 соат ичида қисман келишувга эришиш эҳтимоли пастлигини билдирмоқда. Шу билан бирга, ушбу саъй-ҳаракатлар можаронинг янада кескинлашуви ва йирик ҳарбий ҳужумларнинг олдини олиш учун сўнгги имконият сифатида баҳоланмоқда.

Маълум қилинишича, Доналд Трамп томонидан Эронга берилган муддат узайтирилган. У музокаралар давом этаётганини таъкидлаб, келишувга эришиш имконияти борлигини билдирган. Айни пайтда, келишувга эришилмаган тақдирда кескин чоралар кўрилиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Манбаларга кўра, АҚШ ва Исроил томонидан Эроннинг энергетика инфратузилмасига қарши йирик ҳужум режалари ҳам тайёр ҳолатда турибди. Бу эса, ўз навбатида, Форс кўрфази давлатларида нефть ва сув инфратузилмаларига қарши жавоб зарбаларига олиб келиши мумкин.

Музокаралар Покистон, Миср ва Туркия орқали воситачилик йўли билан олиб борилмоқда. Шунингдек, АҚШ махсус вакили ва Эрон ташқи ишлар вазири ўртасида ҳам тўғридан-тўғри алоқа сақланмоқда.

Таклиф этилаётган келишув икки босқичдан иборат бўлиши мумкин:
— биринчи босқичда 45 кунлик ўт очишни тўхтатиш ва шу даврда тўлиқ тинчлик бўйича музокаралар олиб бориш;
— иккинчи босқичда эса урушни тўлиқ якунлаш бўйича келишувга эришиш.

Муҳокамалар доирасида Ҳурмуз бўғозини тўлиқ очиш ва Эроннинг юқори даражада бойитилган урани масаласи ҳам асосий мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Воситачилар мазкур масалалар бўйича дастлабки босқичда қисман келишувга эришиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Айни пайтда Эрон расмийлари қатъий позицияда қолмоқда ва катта имтиёзлар беришга тайёр эмаслигини билдирмоқда. Шунингдек, улар вақтинчалик келишув орқали яна ҳужумлар содир бўлишидан хавотир билдирган.

Мутахассислар фикрича, яқин кунлар мазкур музокаралар тақдири ва минтақа хавфсизлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.