Тадбирда, шунингдек, йирик инвестициявий компаниялар, Гудзон институти ва «The Wall Street Journal» газетаси раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистонда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек, аҳоли манфаатларини, сўз эркинлигини таъминлаш хусусида батафсил ахборот берилди. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг ташқи сиёсий фаолияти, хорижий давлатлар, айниқса Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни ривожлантириш ҳақида сўз юритилди.

Учрашув давомида иқтисодиёт, қурилиш, энергетика ва туризм соҳаларига инвестиция киритиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, Ҳинд океанида жойлашган портларга Афғонистон орқали олиб чиқадиган темир йўл қуриш, шунингдек, қурилиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш истиқболлари хусусида сўз юритилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларга, хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш, логистика ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун яратилган шароитларга юқори баҳо берилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.