Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасидан маълум қилишларича, делегация таркиби АҚШ Конгрессидаги «Ўзбекистон бўйича кокус»нинг ҳамраиси, Миссисипи штатидан республикачи конгрессмен Трент Келли ва Вакиллар палатасининг Йўллар ва воситалар бўйича қўмитаси аъзоси, Иллинойс штатидан республикачи конгрессмен Дерин Лахуд ҳамда уларнинг ходимларидан иборат.

Америкалик қонунчилар Ўзбекистонда бўлган вақтларида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарияти билан, шунингдек, республикамиз вазирлик ва идораларида икки томонлама учрашувлар ўтказади. Ташриф давомида делегация мамлакатимизнинг тарихий ва маданий мероси билан ҳам танишади, деб хабар беради «Дунё» АА.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ташриф АҚШ Конгресси аъзоларининг Ўзбекистонга 2017 йилдан буён еттинчи сафари бўлади. Ўтган йили икки партиядан бир гуруҳ америкалик қонунчилар мамлакатимизга икки маротаба ташриф буюрган ва улардан бирига Вакиллар палатасининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси раиси, Нью-Йорклик демократ конгрессмен Грегори Микс раҳбарлик қилган эди.