АҚШ халқаро диний эркинлик бўйича комиссиясининг доимий аъзолари Эрик Уланд, Стивен Шнэк ва Френк Вольф, USCIRFнинг бошқа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Хусусан, диний эркинликни таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ва диний ташкилотларга оид қонунчиликни либераллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда диний эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари алоҳида таъкидланди.
Комиссия аъзолари Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлаш соҳасидаги вазиятни яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилганини эътироф этди. Улар бу борадаги ислоҳотларни давом эттириш, қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларга ишонч билдирди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар диний эркинликларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мунтазам амалий мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
USCIRF АҚШ ҳукуматининг 1998 йилда қабул қилинган Халқаро дин эркинлиги тўғрисидаги қонунга (IRFA) мувофиқ ташкил этилган икки партиялик асосдаги мустақил маслаҳат органидир. Комиссия дунёда дин ёки эътиқод эркинлиги ҳуқуқига риоя этилишини мониторинг қилади, АҚШ Президенти, Давлат котиби ва Конгрессига ушбу соҳадаги тегишли сиёсий тавсияларни тақдим этади.
Ўзбекистон делегациясининг АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича комиссияси (Хельсинки комиссияси) вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги шерикликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хельсинки комиссияси АҚШ томонидан 1975 йилда Конгресс томонидан Хельсинки якуний актига ва ЕХҲТнинг бошқа мажбуриятларига риоя этилишини мониторинг қилиш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган мустақил агентликдир. Комиссия таркибига АҚШ Вакиллар палатаси ва Сенатининг 9 нафардан аъзолари, шунингдек, Давлат департаменти, Пентагон ва Савдо вазирлигининг бир нафардан вакили киритилган. Бугунги кунда тузилмани конгрессмен Себастьян Коэн ва сенатор Бен Кардин бошқармоқда.
Учрашувда Хельсинки комиссиясининг етакчи мутахассиси Уильям Коннор, сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчи Жордан Уорлик, АҚШнинг ЕХҲТдаги миссиясидаги комиссия вакили Шеннон Симрел, шунингдек, сиёсий масалалар бўйича катта маслаҳатчи Бахтиёр Нишонов иштирок этди.
Америка вакиллари Ўзбекистон томонидан сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари ва демократияни илгари суриш соҳасида Хельсинки келишувлари амалга оширилишини таъминлашда эришилган салмоқли ютуқлар ва ижобий натижаларни алоҳида таъкидлади. ЕХҲТ масъулияти доирасидаги минтақавий хавфсизлик мавзусига тўхталар экан, экспертлар Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тартибга солишдаги ролини юқори баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг навбатдаги кузги йиғилиши 2023 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтади.
Фахрий президент Крис Сайпл ва Глобал жалб қилиш институти вице-президенти Жеймс Чен билан учрашувда диний плюрализм ва конфессиялараро тотувликни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида IGE вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, диний эркинликларни ҳимоя қилиш ва илгари суриш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот олиш мақсадида мамлакатимиз делегациясининг АҚШга ташрифини ташкил этиш ташаббусини юқори баҳолади.
Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, IGE фахрий президенти Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини маълум қилган. У диний эркинлик, диний таълим, радикализмга қарши курашиш, шунингдек, адлия тизимини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликда тадбир ва лойиҳалар ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, Крис Сайпл икки давлат ўртасида динлараро мулоқотни йўлга қўйиш учун Ўзбекистондан пастор ва имомларнинг ташрифларини ташкил этишни таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, IGE ННТ 2000 йилда ташкил этилган. Унга АҚШнинг диний эркинлик бўйича махсус топшириқлар бўйича биринчи элчиси Роберт Сайпл асос солган. Бундан кўзланган мақсад Давлат департаменти ва турли диний ташкилотлар кўмагида диний эркинликни илгари суришдан иборат. Дунёдаги барча динларнинг тинч-тотув яшаши учун шароит яратишга интиладиган институт сифатида ўзини намоён қилади.
Ўзбекистон делегациясининг АҚШга ташрифи давом этмоқда.