АҚШ ва Хитой 8-9 январь кунлари Вашингтонда икки кунлик ҳарбий музокараларни якунлади. Бу ҳақда 9 январь, сешанба куни Пентагон сайтида маълум қилинди.

Қайд этилишича, АҚШ мудофаа вазири ёрдамчисининг Хитой, Тайвань ва Мўғулистон масалалари бўйича ўринбосари Майкл Чейз Хитой генерал-майори Сун Яньчао билан учрашди.

“Бу АҚШ-Хитой мудофаа сиёсатини мувофиқлаштириш бўйича 17-мулоқот бўлди. Томонлар АҚШ-Хитой мудофаа муносабатларини муҳокама қилдилар ва доктор Чейз рақобатнинг тўқнашувга айланиб кетишининг олдини олиш учун ҳарбий алоқанинг очиқ йўналишларини сақлаш муҳимлигини таъкидлади”, дейилади баёнотда.

Томонлар Ҳинд-Тинч океани минтақасида хавфсизликнинг аҳамияти, минтақавий ва глобал хавфсизлик масалаларини муҳокама қилишди.

“Америка Қўшма Штатлари Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги қонуний Филиппин кемаларига бир неча бор тазйиқ ўтказиши муносабати билан очиқ денгизда сузиш эркинлигини ҳурмат қилиш муҳимлигини таъкидлади”, дейилади баёнотда.

АҚШ ва Хитой вакиллари Россиянинг Украинага қарши уруши ва Корея Халқ Демократик Республикаси томонидан содир этилган провокацияларни муҳокама қилди.

Маълумки, АҚШ Президенти Жо Байден ва ХХР Раиси Си Цзиньпин 2023 йил охирида вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг 2022 йил августида Тайванга ташрифи туфайли Пекин томонидан узилган ҳамкорликни тиклашга келишиб олган эди, деб хабар беради korrespondent.net.