Элчихона маълумотига кўра, тадбирда «Boeing» компанияси вице-президенти Монта Фрейзер, «Project C.U.R.E.» нодавлат ташкилоти президенти Дуглас Жексон ва ушбу ННТнинг хорижий ҳукуматлар билан ишлаш бўйича директори Мелиса Эспости иштирок этди.

Мазкур тадбир Қорақалпоғистонга гуманитар ёрдам ташкил қилиш доирасида «Project C.U.R.E.» ва «Boeing» билан ҳамкорликда уюштирилди. Юк таркибини қиймати 3 миллион долларлик тиббиёт буюмлари ва жиҳозлари, сунъий шамоллатиш мосламаларини ўз ичига олган 40 футлик ўнта контейнер ташкил қилди. Келишувлар 2019 йилда элчихона раҳбари ва «Project C.U.R.E.» президенти Дуглас Жексон билан ташкилотнинг Вест-Груве (Пенсилвания) ва Хюстон (Texaс) шаҳарларидаги омборларига ташриф чоғида эришилган эди.

Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги сўровига биноан «Project C.U.R.E.» томонидан Сиетлда шакллантирилган гуманитар юкнинг биринчи жўнатмаси қарийб 6 тоннага тенг. Ушбу юкни Канзас-ситидан Сиетлга (3 минг километр) Пенсилвания штатидаги ўзбеклар диаспораси фаолларидан бири, логистика компанияси асосчиси Аҳмаджон Одилов беғараз амалга оширди. Бундан ташқари, АҚШдаги ватандошлар томонидан асос солинган «Give to Get International» хайрия ташкилоти кўмагида мустақил экспертларнинг Қорақалпоғистондаги тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжларини баҳолаш бўйича харажатлари тўланди.

«Boeing» вице-президенти Монта Фрейзер ўз сўзида компания раҳбарияти сўнгги 25 йил ичида «Uzbekistan airways» билан яқин ҳамкорлик ўрнатгани ва Ўзбекистоннинг авиация соҳасини ривожлантиришдаги ютуқларини юқори баҳолашини таъкидлади.

«Биз Қорақалпоғистонга гуманитар юкнинг биринчи партиясини «Dreamliner» самолётида юбориш тадбирида иштирок этаётганимиздан жуда хурсандмиз, - деди Монта Фрейзер. – Айниқса, коронавирус пандемияси билан боғлиқ бугунги синовли вақтда ушбу хайрия тадбирига улуш қўшаётганимиздан мамнунмиз». «Boеing» вакили ушбу тадбир америкалик самолёт ишлаб чиқарувчи, нотижорат ташкилот ва элчихона ўртасидаги муваффақиятли давлат-хусусий ҳамкорлигига яққол мисол бўлишини таъкидлади.

Монта Фрейзер «Boeing»нинг Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорликни давом эттиришга содиқлигини тасдиқлаган ҳолда «Project C.U.R.E.» лойиҳасига 100 минг доллар миқдоридаги чек топширди. Ушбу маблағ Оролбўйи аҳолиси учун навбатдаги гуманитар ёрдамни етказишни молиялаштириш учун ишлатилади.

«Project C.U.R.E.» президенти Дуглас Жексон Қорақалпоғистондаги тиббиёт муассасаларига гуманитар ёрдамнинг биринчи партиясини етказиб бериш бўйича эришилган натижалардан мамнун эканини таъкидлади.

Ўз навбатида, элчи Орол денгизи ҳудуди аҳолисига кўрсатилаётган хайрия ёрдами учун «Boeing» ва «Project C.U.R.E.» компанияларига миннатдорлик билдирди.

Гуманитар ёрдам Сиетлдан Тошкентга «Uzbekistan Airways» АЖ учун «Boeing» заводида ишлаб чиқарилган еттита сўнгги янги «Dreamliner» самолётидан бири орқали етказиб берилади. 5 май куни эса беғараз кўмак Тошкентдан Нукус шаҳрига етказилади. Тиббий жиҳозлар билан таъминланган навбатдаги тўртта контейнердаги инсонпарварлик юки ёз фасли охирига қадар Оролбўйи минтақасига юборилади.