Унда вакилларимиз сариқ, мезбон жамоа экипажи яшил ва хитойликлар қизил рангли танкларда ҳаракат олиб борди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, биринчи даврада танкчиларимизга рақиблик қилган бу икки жамоа “Танк биатлони” мусобақасининг энг кучли иштирокчилари ҳисобланади. Катта сержант Жонибек Йўлдошев, нишонга олувчи капитан Учқун Шомуродов ва механик-ҳайдовчи 3-даражали сержант Авазбек Мустафоқуловдан иборат 1-экипажимиз мазкур жамоалар билан муносиб беллашди.
Мусобақанинг яккалик пойга шартига кўра, элипаж аъзолари Т-72Б3 танкларида турли тўсиқлардан ўтиб, белгиланган нишонларни яксон қилишга харакат қилишди. Нишон мўлжалга олинмаганда, яъни хатоликка йўл қўйилганда, экипажлар жарима айланасини босиб ўтишди.
Шундай қилиб, Халқаро армия ўйинларининг энг жозибали ва қизиқарли йўналиши бўлмиш “Танк биатлони” мусобақасининг натижаларига кўра, россиялик танкчилар экипажи 19 дақиқаю 34 сонияда финишга етиб келди. Хитой жамоаси эса финиш чиғизини 21 дақиқаю 56 сонияда босиб ўтган бўлса, вакилларимиз 23 дақиқаю 31 сония натижани қайд этишди.
Мусобақа давомида ҳали иккинчи ва учинчи экипаж аъзоларининг ҳам чиқишлари бор. Аммо вакилларимизнинг шиддатли иштирокини кўриб айтиш мумкинки, танкчиларимиз биринчи қадамни дадил ва ишончли ташлаб олди. Ўйлаймизки, олдиндаги баҳсларда юртдошларимиз бор куч ва имкониятларини ишга солиб, совриндорлар сафидан муносиб жой олади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, вакилларимиз ҳаракат олиб бораётган биринчи дивизионда жами 11 жамоа,яьни Россия, Хитой, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Монголия, Ўзбекистон, Сербия, Венесуэла, Сурия ва Вьетнам жамоалари биринчилик учун кураш олиб боради. Юртдошларимиз иштирокидаги кейинги баҳслар 25 август ва 28 август кунлари бўлиб ўтади.
Лейтенант Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти.
Россия Федерацияси, Москва вилояти,
“Алабино” полигони