Таҳлиллар мамлакатимизда бу борада давлат-хусусий шериклик йўлга қўйилган жойларда тартиб яхшиланганлигини кўрсатяпти. Хусусан, Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Мингбулоқ ва Наманган туманларида маҳаллаларни санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 92 фоизга етиб, тушумлар 2 бараварга ошган.

— Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича тегишли ҳудудлар хусусий шерикка бириктириб берилмоқда, — дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Умаржон Абдуллаев. — Фақат мазкур жараёнда уларни саралаш ва қайта ишлаш бўйича технологияларни татбиқ этиб, қўшимча равишда капитал қўйилмалар ва инвестициялар жалб қилиниши шарт. Бу бўйича режа қилинган 62 та лойиҳадан 15 тасига тадбиркорлар жалб қилинди. Албатта, бу кўрсаткич паст. Ҳозирда лойиҳаларни тўлиқ амалга ошириш учун  тегишли ишлар амалга ошириляпти.

Савол туғилиши табиий. Бундай механизмнинг тадбиркорлар учун қандай афзалликлари бор? Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган давлат корхоналари ҳисобидаги махсус автотранспорт воситалари ва техникалари хусусий шерикка етти йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан берилади. Шунингдек, баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланган нархларда сотилади ҳамда лойиҳа якуни бўйича тўловлар тўлиқ тўлаб бўлинганидан сўнг улар ихтиёрига ўтади.

— Биз 2021 йил якунига қадар маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан қамраб олиш кўламини 100 фоизга етказишни мақсад қилганмиз, — дейди Умаржон Абдуллаев. — Қолаверса, айни доирадаги хизматларни ташкил этиш соҳасида хусусий сектор улушини 2022 йил якунига қадар 50 фоизга етказиш ҳам галдаги энг муҳим вазифаларимиздан бири саналади. Шунинг баробарида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажми 2021 йил якунига қадар 36,5 фоизга етказилади.

Таъкидлаш жоиз, 2020 йил 29 сентябрда  Президентнинг “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори эълон қилинган эди. Унинг ижросини таъминлаш юзасидан маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда давлат-хусусий шерикликнинг янги моделини босқичма-босқич жорий этиш механизми яратилиб, 2020 йилда 16 та лойиҳа ишлаб чиқилган ва тендер ўтказиш учун эълон қилинган. Улардан бугунги кунга қадар 8 та лойиҳа бўйича битим тузиш ҳуқуқини қўлга киритган тадбиркорлик субъектлари билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида ҳужжат имзоланди.

Албатта, бу оқилона йўл. Буни Сурхондарё вилояти Ангор туманида фаолият юритаётган “Bio texno eko” МЧЖ фаолияти мисолида кўриш мумкин. У — чиқиндиларни йиғиш, саралаш ва қайта ишлашга ихтисослашган замонавий корхона. Европа технологиялари асосида иш олиб борувчи ушбу жамиятда йилига 180 минг тоннадан ортиқ чиқинди қайта ишланиб, 10 дан ортиқ турдаги тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Пластик қувурлар, труба, уй-рўзғор буюмлари, целлофан ва целлофан гранулалари, қоғоз маҳсулотлари шулар жумласидан.  Корхона яхшигина даромад кўриш билан бирга, Ангор, Термиз шаҳри ва Термиз туманларида ҳосил бўлаётган чиқинди маҳсулотларини саралаш, теварак-атрофда экологик тозаликни сақлашда катта аҳамиятга эга.

— Узоқ йиллар олдин бўш, ташландиқ ерни болалар майдончасига айлантиришга ҳаракат қилганмиз, — дейди “Bio texno eko” МЧЖ раҳбари Илҳомжон Боқижонов. — Шунда ушбу майдонга аҳоли томонидан турли чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари кузатилган. Уларни қайта ишлаш ғояси ўшанда пайдо бўлганди. Наҳотки, кераксиз саналган бу нарсаларни қайта ишлаб, самарали фойдаланишнинг, даромад олишнинг имкони бўлмаса, деган савол менга тинчлик бермаган ва бу борада изланганман. Ҳозирда аҳоли ва саноат корхоналаридан ҳосил бўлаётган маиший чиқиндиларни қайта ишлаяпмиз. Темир ва шиша, резина маҳсулотларини йиғиб, ишлаб чиқарувчи корхоналарга топширамиз. Органик чиқиндилардан эса биогумус ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз.

Корхонада бугунги кунда 360 нафар ишчи фаолият юритади. Аҳамиятли томони шундаки, ишсиз ёшлар, аёллар мана шу жойда банд, ойлик маош билан таъминланмоқда. Чиқинди ташийдиган 50 дан ортиқ автотранспорт воситасига эга мазкур ташкилот маиший хизмат кўрсатиш билан ҳам шуғулланади. Илҳомжон Боқижонов Тожикистон, Афғонистон, Япония, Хитой каби давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга арзон яримтайёр маҳсулотлар етказиб беради. Бундай хомашёлар четдан келтирилгандан кўра анчайин камхаражатли.

— Чиқиндиларни қайта ишлаш бу жуда катта даромад дегани, — дейди Илҳом ака. — Биргина қоғозни қайта ишлашни олайлик, бу билан қанчадан-қанча дарахтлар кесилишининг олди олинади ва электр сарфини камайтиради. Бир тонна қоғозни қайта ишлашда уни ёғочдан тайёрлаш учун кетадиган сувнинг ярми сарфланади. Шунингдек, жараён ишчи ўринлари яратилиши билан ҳам аҳамиятли. Истиқболдаги режамиз: ишчи ўринларини бир ярим мингдан ошириш, шунингдек, трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга синтетик толаларни етказиб бериш, қурилиш ва тиббиёт чиқиндиларини қайта ишлашдан иборат. Юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш учун фойда келтириш, хориждан валюта киритиш энг олий мақсадимдир.

Ҳа, бу борадаги ёндашувлар атроф-муҳитнинг токсик саноат ва тиббиёт чиқиндилари билан ифлосланишининг олдини олиш баробарида қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, зарарсизлантириш учун ҳам муносиб ечим бўла олади. Мамлакатимизда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича 281 та корхона мавжуд бўлиб, улар қайта ишлаш натижасида полиэтилен, қоғоз, шиша, резина, металл, қадоқлаш, қувур ва бошқа қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 2020 йил давомида республика бўйича 1 миллион 25 минг тонна маиший чиқинди қайта ишланган ва у 21,9 фоизга етказилди. Иккиламчи хомашё маҳсулотларини саралаб олиб, сотиш ва қабул қилиш фаолиятини олиб борувчи шохобчалар томонидан йиғиладиган маҳсулотлардан хўжалик фаолиятида қайта фойдаланиш натижасида ресурс тежамкорлигига ҳамда товарнинг таннархи арзон бўлишига сабаб бўлади.

Айтиш мумкинки, чиқиндига фақатгина экологик муаммо эмас, балки тижорий фаолият сифатида қараш катта аҳамиятга эга. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси маиший чиқиндиларнинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Бундай тадбирлар натижасида электр энергияси ва сувдан фойдаланиш ҳажми бир неча баробарга камаяди. Хусусий корхоналар утилизация билан шуғулланиб, фойда олиш, имтиёзларга эга бўлиш баробарида атроф-муҳитга ҳам ғамхўрлик қилмоқда.

Энергетика, рангли ва қора металлургия, кимё, қурилиш саноати объектлари атроф-муҳитни ифлослантирувчи асосий манбалар саналади. Сўнг ги тўрт йилда саноат корхоналари икки баробарга кўпайиши натижасида шаҳарларда чанг-газ миқдори ҳам шунчага ошди. Ҳудудларда “Яшил майдонлар” учтўрт бараварга қисқариб, ўртача 8 фоиздан камайиб кетгани жиддий ташвиш уйғотади.

Тиббиёт чиқиндилари атроф-муҳитни ифлослантириш баробарида инфекцион ва ноинфекцион касалликларнинг тарқалиши хавфини туғдиради. Ишлатилган ҳимоя ниқобларини олайлик. Улар ҳам ўта хавфли саналади. Сабаби вирусли томчилар қуриб, ҳаво орқали кўчиб юриши ва тарқалиши мумкин.

2021 йил январь-июнь ойлари давомида чиқиндиларни назорат қилиш йўналишида жами 9 896 та ҳуқуқбузарликлар аниқланган ва уларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилган. Уларнинг асосий қисми фуқаролар томонидан чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш оқибатида содир этилган. Бугунги кунда ҳар бир инсонда экологик маданият бўлиши жуда муҳим. Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган изчил экологик сиёсат юритилмоқда.

Масалага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, масъуллар, мутасаддилар томонидан қатор чоралар кўрилмоқда. Бу каби чора-тадбирлардан кўзланган мақсадга эришиш учун эса, барчамиз бирдек ҳаракат қилишимиз лозим. Ана шундагина кутилган натижалар куттириб қўймайди.

Феруза ЖЎРАЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири