АОКАда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан ўтказилган брифингда 2016-2021 йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижаси ва 2022-2026 йиллардаги устувор вазифалар хусусида маълумот берилди.

— Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2016 йилда 6,8 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлса, ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида ўтган йилда бу кўрсаткич 22 триллион сўмни, жорий йил якуни билан эса 24,2 триллион сўмни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 3,5 бараварга ошди. Шунингдек, мазкур даврда экспорт бўйича кўрсатгич ҳам 5,2 бараварга ўсди. 2016-2021 йилларда соҳага инвестициялар жалб қилиш борасида ҳам изчил ишлар амалга оширилиб, 2016 йилда соҳага жами 360 миллион долларлик инвестиция жалб қилинган бўлса, жорий йил якуни билан ушбу кўрсаткич 1 620 миллион долларни ташкил этиши ва ушбу даврга нисбатан инвестиция ҳажмини 5,6 баробарга ошириш мўлжалланмоқда, — дейди уюшма бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Азизбек Баҳодиров.

Соҳада маҳсулотларни маҳаллийлаштириш орқали, уларнинг импортини оптималлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, жорий йил якуни билан маҳаллийлаштириш дастури доирасида 17 турдаги 920 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва натижада 86 миллион долларлик қурилиш материалларининг импортини ўрнини босиш мўлжалланмоқда.

Тармоқни янада такомиллаштириш, соҳага хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш, экспорт кўрсаткичларини ошириш ҳамда янги саноат корхоналарини ташкил этиш мақсадида 2022-2026 йилларда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди.

Унга кўра 2026 йилга бориб тармоқ бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 42,3 триллион сўмга етказиш ва бунда юқори қўшилган қийматли маҳсулотларнинг улушини 2016 йилдаги 32,3 фоиздан 53 фоизгача етказиш белгиланган.

Натижада, асосий турдаги қурилиш материалларига бўлган талаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўлиқ қопланади. Жумладан, газобетон, иссиқлик сақловчи изоляция материаллари, қурилиш ойнаси, цемент каби маҳсулотлар бўйича ички талаб қопланиб, маҳсулотларнинг бир қисми хорижга экспортга йўналтирилади.

Феруза МУХТОРОВНА