1991 йилнинг 31 августи биз учун ана шундай тарихий бурилиш палласи бўлиб қолди. Зеро, халқимиз айни шу куни ўз мустақиллиги, истиқлолини қўлга киритди, миллат сифатида қайта туғилди.
Янги
Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар эса инсон қадрини тиклади, одамларга чинакам
ҳурликни қайтариб берди. Шу маънода, мустақиллик қалбимизда,
онг-шууримизда, тақдиримизда чуқур илдиз отаверади, унинг солномаси Ўзбекистон
номи билан аталаётган ғалабалар, жаҳон эътиборига тушган ютуқларимиз билан
бойиб бораверади. Бу йилларнинг ҳар куни, ҳар лаҳзаси маъно-моҳиятига кўра,
“умр дафтарини шоҳ сатрлар билан безаш” ва бу безакдан дунёни ҳайратга солиш
даври бўляпти.
Айниқса, сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида барча
соҳадаги кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар она Ватанимиз мустақиллигини
мустаҳкамлаш, халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, одамларнинг
давлатдан рози бўлиб яшаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишларга
янгича мазмун бахш этди. Натижада юртдошларимиз турмуш тарзи, ҳаёти бутунлай
ўзгарди, юртимиз янгича қиёфа касб этиб бораётир.
Бу йил Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганига 35 йил тўлади.
Шу муносабат билан жорий йил 2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигини кенг нишонлашга
тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат билан
истиқлолимизнинг шонли санасини юксак савияда ўтказиш, ушбу улуғ байрамни муносиб
нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда юртимиз мустақиллигининг улкан сиёсий, тарихий
ва маънавий-маърифий аҳамиятини инобатга олиб, мазкур айёмни умумхалқ байрами сифатида
кенг нишонлаш, шунингдек, қатор йўналишлар бўйича “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб,
янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий,
маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш юзасидан зарур вазифалар
белгиланди.
Умумий мақсад ва орзуларимизни мужассам
этган ушбу вазифалар ижроси халқимиз ўртасидаги бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш,
айниқса, ёшлар орасида миллий руҳни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон
Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаш тарихий бир воқеа
эмас, балки келажагимиз учун муҳим йўл харитасини белгилашдир.
Ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун, у қайси соҳада
меҳнат қилмасин, ҳаётда, ижтимоий ёки ижодий фаолиятда ўзини тўла намоён этиш, янгиланган
Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларидан тўла фойдаланиш имкониятини
берди. Ислоҳотлар шабадаси, энг аввало, ҳуқуқ бўлиб онг-шууримизга сингди. Натижасини
бугун одамларнинг дунёқараши, фикри-зикри, турмуш тарзида кўриш мумкин. Ҳар бир
юртдошимизда ҳаракат, интилиш, яратиш иштиёқи бор. Бугунгидан-да фаровон ҳаёт,
ёруғ келажакка ишонч мустаҳкам.
Кейинги йилларда бошланган қурилишлар, деярли қайта қурилган шаҳарларимиз,
қишлоқларимизнинг замонавий кўриниши, йўлсозлик, кўприксозлик, шаҳарсозлик илми,
тадбиркорлик ва ишбилармонликнинг бениҳоя ривожланиши, илм-фан, маданият ва санъат,
спорт ва бошқа соҳаларда эришилаётган ютуқлар, ёш авлоднинг зафарлари, миллатлараро
аҳил-иноқлик, бағрикенглик, ҳеч шубҳасиз, истиқлол шарофати.
Ислоҳотлар жараёнида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга
хизмат қилиши керак” тамойилини жорий этишга устувор аҳамият берилмоқда. Бу ҳам
бежиз эмас. Чунки мамлакатимизда давлат ва ҳокимият идоралари узоқ вақт давомида
халқ ҳаётидан узилиб қолганди. Бинобарин, давлат ва унинг органлари, аввало, халққа
хизмат қилиши керак. Бундай давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий
ва маънавий-маърифий илдизлари мустаҳкам ва бақувват бўлади. Шу сабабли халқнинг
оғирини енгил қилиш, муаммоларини вақтида ва самарали ечиш, ҳаёт даражаси ва сифатини
яхшилаш барча ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.
Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда.
Вазир ва ҳокимлар, барча бўғиндаги мансабдор шахслар фуқаролар билан юзма-юз учрашиб,
уларнинг дарду ташвишлари билан қоғозда эмас, амалда жиддий шуғулланмоқда. Мажбурий
меҳнат, хусусан, болалар меҳнати, ишсизлик, камбағаллик, коррупция, аҳолини уй-жой
билан таъминлаш, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ муаммолар очиқ тан олиниб, бирин-кетин
бартараф этиляпти. Натижада одамларда адолатга, ҳақиқатга ишонч пайдо бўлди. Турли
даражадаги раҳбар ва мансабдорларнинг фаолиятига ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали
холисона баҳо берилмоқда. Асосийси, одамлар, жамият уйғонди.
2016 йил сентябрда Бош вазир виртуал қабулхонасининг ташкил қилиниши халқ
ва давлат ўртасидаги тўсиқларни олиб ташлаш имконини берди. Одамларнинг дарди тўғридан
тўғри Президентга етиб борадиган бўлди. Натижада реал ҳаёт, ҳақиқий муаммолар борича
намоён бўлди!
Бундай ёндашув, бошқарувнинг халқона тутуми, ўз навбатида, жамият ривожи
учун аниқ чоралар ишлаб чиқишга хизмат қилди. Халқ ва давлат ўртасидаги алоқалар
мустаҳкамланди, ҳақиқий демократия тамойиллари амалда ишлай бошлади.
Ҳозир кўпчилик салкам ўн йил аввалги ўша ҳолатларни эсдан чиқарган бўлиши
мумкин. Жамиятимиздаги бугунги очиқлик муҳитини ҳар доим ҳам сезавермаймиз, балки
олдинги давр билан таққослагандагина англай оламиз.
Бугун ислоҳотлар самараси ҳақида гап кетганда, “Инсон қадри” тамойили асосидаги
катта ютуқларимиз билан бир қаторда солиқ тизимидаги янгиланишлар, валюта бозорининг
эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммоларнинг бартараф этилиши, банк-молия
соҳасидаги ўзгаришлар, халқаро молия операцияларининг жаҳон андозалари асосида
амалга оширилиши, туризм ривожланиши каби кўплаб мисолларни ишонч билан тилга олиш
мумкин.
Иқтисодий йўналишдаги янгиланишларга назар солар эканмиз, аввало, валюта
бозори либераллаштирилганини алоҳида қайд этиш ўринли. Чунки узоқ вақтдан буён валютанинг
эркин конвертацияси бўлмаганди. Ҳозир корхоналар импорт операцияларини амалга ошириш
учун бемалол валюта харид қилиш имконига эга.
Буни муҳим дейишимизнинг сабаби шуки, иқтисодиётнинг эски модели бутунлай
конвертациянинг йўқлигига боғланган, конвертация тизими энг коррупциялашган соҳа
эди. Бу эски моделнинг ўзаги эди. Мана шу асос олиб ташлангач, эски андоза ўз-ўзидан
қулай бошлади, янги ислоҳотларга йўл очилди.
Иқтисодиёт соҳасидаги биринчи ўзгариш валютанинг либераллашуви бўлса, иккинчи
энг муҳим янгилик пул муомаласидаги ислоҳотлардир. Натижада чет эл инвесторлари
Ўзбекистонга кела бошлади. Ушбу ислоҳотлар билан бир қаторда ташқи иқтисодий фаолият
эркинлиги таъминланиб, бизнес учун маъмурий тўсиқлар олиб ташланди.
Эркин конвертация, аввало, халқаро савдо муносабатларининг тўлақонли аъзоси
бўлиш учун керак. Зеро, фақат шу орқали халқаро меҳнат тақсимотида иштирок этиб,
ундан келиб чиқадиган фойда ва имтиёзларга эга бўлиш мумкин.
Тараққиёт стратегиясидаги инсон қадрини юксалтириш, халқпарвар давлат барпо
этишга оид устувор мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш давлат органлари фаолияти
самарадорлигини янада оширишни тақозо этди. Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрдаги
“Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
фармони ушбу муаммоларга ўзига хос ҳуқуқий ечим бўлди дейиш мумкин. Хусусан, мазкур
ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи республика
ижро этувчи ҳокимият органлари сони 61 тадан 28 тагача, жумладан, вазирликлар сони
25 тадан 21 тага қисқартирилди. Натижада 1,5 триллион сўмдан ортиқ бюджет маблағлари
иқтисод қилинишига эришилди ва штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобига бўшаган
маблағлар ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилди.
Ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилди.
“Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойили янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамланганини
алоҳида эътироф этиш зарур. Бунда камбағалликни қисқартириш муҳим ўрин тутади. Ўзбекистонда
камбағаллик муаммосини ҳал этиш ижтимоий сиёсатда алоҳида ўрин эгаллайди. Унга
қарши фаол кураш 2020 йилда мамлакатимиз ушбу ҳолатни расман тан олган пайтда бошланган
эди. Ўшанда аҳолининг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшарди. Кредит, субсидия,
компенсация каби 100 дан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизими
йўлга қўйилгани ва улар “маҳалла еттилиги”га берилгани натижасида 8,5 миллиондан
зиёд одам камбағалликдан чиқди. Бошқача айтганда, 2025 йил якунида юртимизда камбағаллик
даражаси 5,8 фоизга тушди.
Бундай натижаларга эришишда аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларга
муносиб иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга
қаратилган тизимли ва узоқни кўзлаган сиёсат ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Камбағалликни
камайтириш аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, касбга тайёрлаш ва иш ўринларини
кўпайтиришга қаратилган комплекс вазифадир.
Ижтимоий ҳимоя ҳақида гапирганда, пенсионерлар манфаати кучли ҳимояга олинганини
ҳам эслаш жоиз. Ҳозир аҳолимизнинг қарийб 11 фоизи пенсия ва нафақа олади. Бундан
тўққиз йил муқаддам эса пенсионерлар 3 миллион бўлган. Сўнгги вақтда пенсия ва нафақа
олувчилар сони йилига 200-250 минг нафарга ўсиб бормоқда. Уларнинг сони ортиши
билан пенсия тизимида ҳам бир қанча ўзгартиришларга эҳтиёж сезилди. 2017 йилгача
пенсионерларни қийнаб келган муаммолардан бири — уларга пул нақд шаклда берилмаётганида
эди. Ўша йили 1 февралдан бошлаб мазкур масала ечим топди — пенсия ва нафақалар
исталган шаклда, нақд ёки пластик карта орқали берила бошлади. Шу билан бирга,
2019 йилдан бошлаб нафақаси тўлиқ сақлаб қолинган ҳолда пенсионерларнинг ишлашига
ҳам имкон берилди.
Кейинги йилларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида сўз борганда,
биринчи навбатда, хотин-қизларнинг ўқиши, билим олиши, меҳнат қилиши, уларнинг
соғлиғини сақлаш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя
қилиш, гендер тенглик бўйича қилинаётган кенг кўламли ишлар тилга олинмоқда. Бунинг
сабаби оддий, албатта. Чунки дунёдаги ҳар қандай халқ, давлат ва жамиятнинг тараққиёт
ва маданият даражаси, аввало, хотин- қизларга муносабат билан белгиланади. Зеро,
хотин-қизлар барча соҳа ва тармоқларда эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга, юксак ҳурмат-
эҳтиромда яшаган мамлакатда, албатта, тинчлик, ҳамжиҳатлик, ўсиш ва юксалиш бўлади.
Шу боис, жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этаётган, турли соҳаларда юқори натижаларга
эришаётган, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган опа-
сингилларимиз ҳар йили давлатимизнинг юксак мукофотлари, шунингдек, “Мўътабар аёл”
кўкрак нишони билан тақдирланмоқда. Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган
қизларнинг сони 400 га яқинлашгани ҳам ана шундай ишлар қаторига киради.
Ислоҳотлар туфайли ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг Марказий Осиё минтақаси
ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда янги Ўзбекистонга
нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш кучайди. Биринчи
навбатда, қўшни давлатлар билан муносабатларимизда йиллар давомида йиғилиб қолган
муаммолар ҳал этилди. Чегаралар очилди. Қўшниларимиз билан узилиб қолган алоқалар
тикланиб, бир мамлакатдан иккинчи давлатга эмин-эркин бориб кела бошладик. Виза
масалалари ҳал этилди.
Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. Азал-
азалдан ўзаро қардош ва биродар мамлакатларимиз кўпгина минтақавий ва глобал масалалар,
ижтимоий-иқтисодий тараққиёт бўйича яқин ҳамкорликда ҳаракат қила бошлади. Жаҳон
сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” ибораси пайдо бўлди.
2025 йил ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг
навбатдаги Маслаҳат учрашуви бу жараёнга янги мазмун ва куч бағишлади. Ана шу мисолларнинг
ўзиёқ ички ва ташқи сиёсатнинг нақадар боғлиқ ва ҳамоҳанг эканини кўрсатади. Энг
муҳими, ички ва ташқи сиёсатимиздаги ана шундай уйғунлик халқимиз манфаатларини
кўзлаб амалга оширилмоқда ва натижасини оддий одамлар ўз ҳаёти ва тақдирида ҳис
этмоқда.
Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига 2019 йили аъзо бўлгандан сўнг тузилма
сезиларли даражада куч ва обрўга эга бўлди. Зеро, Ўзбекистон ташкилотга қўшилиши
билан туркий мамлакатлар занжиридаги муҳим камчилик бартараф этилди. Мамлакатимиз
нафақат Марказий Осиё ва Евроосиё геосиёсатида, балки ТДТ доирасида ҳам алоҳида
аҳамиятга эга. Шу боис, Ўзбекистоннинг унга аъзолиги туркий дунёнинг келажагида
том маънода кескин бурилиш нуқтаси бўлди.
Ташкилот доирасида давлатимиз илгари сурган 60 дан зиёд таклиф ва ташаббус
ТДТ фаолиятига янги мазмун бағишлади. 2023 йил ноябрда Остонада бўлиб ўтган Туркий
давлатлар ташкилоти давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Президентимизга
туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлаш, туркий мамлакатларнинг манфаатлари
ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун юксак
мукофот — Туркий дунёнинг олий ордени тантанали топширилди.
Мамлакат келажаги, барча соҳа ва лойиҳалар муваффақияти билимли, маънавиятли
инсонларга боғлиқ. Шу боис, охирги йилларда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар
мавқеини юксалтириш бўйича кўп ишлар қилинди. Айниқса, олдинлари ўқув йили ибтидоси
муаллимнинг ёзилмаган йиллик иш режасини пахта мавсумининг бошланиши белгилаб
берарди. Қаҳратон қишга қадар давом этадиган бу мавсумни ўқитувчи ўқувчилари билан
бирга “ёлланма теримчи” сифатида далада ўтказарди. Баҳор бошланиши билан яна дала
юмушларига жалб қилинарди.
Бундан ташқари, ободонлаштириш, солиқ йиғиш, қурилиш ишларида дастёрлик ҳам
ўқитувчиларнинг зиммасида эди. Бу хизматлари учун эса арзимаган маош тўланарди.
Муаллимнинг обрўси, шаъни, қадри ҳаминқадар баҳолангани туфайли аксарият ўқитувчилар
ишини ташлаб, бошқа соҳаларга ўтиб кетди.
Энди мамлакатимиз янги даврга қадам қўйди. 2017 йил сентябрдан бошлаб ўқитувчилар
ўзига тегишли бўлмаган барча юмушдан озод этилди. Уларнинг олдида фақат ёш авлодни
етук ва комил инсон қилиб тарбиялаш вазифаси қўйилди. Шу тариқа биз жамият ривожининг
таянч нуқтасини топдик, бу таълим тизимидир! Педагоглар меҳнатининг қадрланиши,
эъзозланиши, ижтимоий ҳимояга олингани бунинг исботи десак, хато қилмаган бўламиз.
Мактаб ўқитувчиларининг ойлиги 3-4, олий таълим профессор-ўқитувчиларининг
ойлиги 4-5 баравар кўпайтирилди. Давлат ОТМ профессори 2017 йилда 2,5 миллион сўм
маош олган бўлса, 2025 йил 1 сентябрдан ўртача 14,5 миллион сўм ойлик олмоқда.
Фаол педагогларга илмий даражаси учун бюджетдан 30-60 фоиз қўшимча ҳақ тўланмоқда.
Баъзи олий таълим ташкилотлари бюджетдан ташқари маблағи ҳисобидан яна бошқа устамалар
бермоқда.
Ўқитувчиларнинг жамиятда обрўси, ижтимоий мақомини ошириш, шаъни ва қадр-қимматини
ҳимоя қилиш мақсадида янги таҳрирдаги Конституцияга алоҳида модда киритилди ҳамда
Педагогнинг мақоми тўғрисидаги махсус қонун қабул қилинди. Барча вилоятларда иқтидорли
болалар учун Президент мактаблари очилди, уларнинг битирувчилари дунёнинг энг кучли
университетларига кириш учун грантларни қўлга киритмоқда. Хусусий таълим ривожлантирилди,
ҳозир 450 дан ортиқ хусусий мактаб ва 60 дан зиёд нодавлат олий таълим ташкилоти
фаолият юритмоқда.
Ҳа, бу йилги мустақиллик байрами баланд марралар, катта натижалар
ва буюк мақсадлар тантанаси сифатида кенг нишонланади. Уларнинг таъриф ва тавсифини
бир мақолага сиғдириш мушкул. Энг муҳими, буни ҳар биримиз ҳаётимиз, турмушимиз
мисолида кўряпмиз. Биз ана шундай улкан имкониятларга тўла, қадримиз баланд, қаддимиз
тик даврда яшаяпмиз. Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришилган тарихий янгиланиш
жараёнининг ҳар бир йили катта ютуқлар, беқиёс ўзгаришлар билан кечаётгани барчамизнинг
кўнглимизни тоғдек кўтаради, албатта.
Исмоил САИФНАЗАРОВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор