Мазкур асосий талаблар лойиҳалаштирилаётган, барпо этилаётган ва фойдаланилаётган атом электр станцияси блокининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлилига қўйиладиган талабларни белгилайди.

Эҳтимолий хавфсизлик таҳлили қуйидаги мақсадларда ўтказилади:

  • атом электр станцияси блоки хавфсизлигининг эҳтимолий кўрсаткичларини ҳисоблаш;
  • оғир авариялар ва катта авариявий ташланмалар эҳтимолини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган норматив чегаралар билан таққослаш;
  • атом электр станцияси блоки хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда устуворликларни белгилаш;
  • атом электр станцияси блоки тизимларини (элементларини) модернизация қилиш тадбирларининг атом электр станцияси блоки хавфсизлигига таъсирини баҳолаш.

Эҳтимолий хавфсизлик таҳлили натижаларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

  • хавфсизлик учун муҳим бўлган атом электр станцияси блоки тизимларининг ишончлилигини баҳолаш;
  • назорат ва текширув ишларини режалаштириш ва баҳолаш;
  • лойиҳавий авариялар учун бошланғич ҳодисалар рўйхатини асослаш;
  • лойиҳадан ташқари авариялар рўйхатини асослаш.

Эҳтимолий хавфсизлик таҳлилини ўтказиш учун атом электр станциясини эксплуатация қилувчи ташкилот масъул ҳисобланади.