Тан олиб айтиш керак, шу вақтгача экология ва атроф-муҳит билан боғлиқ масалалар қанчалик кўп кўтарилмасин, муаммолар айтилмасин, уларнинг ечимига келганда етарлича шуғулланмадик. Керак-керак бўлмаган жойларга ҳам арча экиш кампанияси шунчалик авж олгандики, бу кимга зарурлиги ёки нима учун шундайлигини ҳатто мутахассислар ҳам аниқ изоҳлай олишмасди.

Сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келади.

Шу билан бирга, ҳудудларда «яшил майдон»лар 3-4 бараварга қисқариб, ўртача 8 фоиздан камайиб кетди. Ер усти ва ости сув сатҳининг кескин пасайиши ҳам экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудларда маиший чиқиндиларни хусусий шериклик асосида бошқариш бўйича режа қилинган 62 та лойиҳадан бор-йўғи 15 тасига тадбиркор жалб қилинган. Бу борада Бухоро, Наманган, Фарғонадан ташқари бошқа бирорта ҳудудда ишлар якунига етказилмаган.

Бу муаммолар бир ёки икки йиллик эмас. Бу йигирма-ўттиз йиллаб давомида атроф-муҳитга қилинган тажовузлар, табиат неъматларидан тартибсиз ва хўжасизларча фойдаланилгани, экология масаласи ҳамиша эътиборимизнинг энг қуйи поғонасида бўлиб келгани оқибатидир.

Биргина дарахт кесилишини олайлик. 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига мораторий жорий этилган эди. Кейинчалик ушбу мораторий муддати 2021 йил якунигача узайтирилди. Йиғилишда таъкидланишича, ўтган 6 ойлик мораторий даврида 316 минг дона қимматбаҳо дарахтлар асраб қолинган. Бироқ шунга қарамасдан, ўтган даврда 2,8 мингта қимматбаҳо ва 2 мингдан зиёд кам қимматли дарахтлар ноқонуний кесилган. Бу ҳолатлар, Сурхондарёда – 242 та, Жиззах ва Хоразмда – 238 тадан, Навоийда – 212 та, Тошкент шаҳрида – 201 тани ташкил этгани жуда аянчли ҳолдир. Чунки битта дарахтнинг вояга етиб, ерга мустаҳкам ўрнашиб олиши, атрофга соя ёки мева бериши учун йиллар керак бўлади. Шундай экан, беш мингга яқин эмас, бир дона дарахтнинг ҳам кесилишини она табиатга етказилган бемисл зарар сифатида қабул қилишимиз шарт.

Шунинг учун ҳам дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилиши ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши кўпчиликнинг айни дилидаги ташаббус бўлди. Эндиликда дарахтларни кесишга қарши кескин чоралар кўрилиши, жумладан, экология соҳасида қўлланиладиган жарималар миқдори 5 баравар, етказилган зарар учун компенсация миқдори 2 баравар оширилиши ҳам мамлакатимиз экологиясини асраш йўлида жиддий қадам бўлиши шубҳасиз.

Йиғилишда таъкидланганидек, республикадаги 300 га яқин истироҳат боғлари турли вазирлик ва идораларга қарашли бўлиб, уларнинг аксарияти қаровсиз. Ўтказилган ўрганишлар ва экологик рейдлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Экологик партиясининг «ишонч телефони»га келиб тушаётган мурожаатлар, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар республика бўйича истироҳат боғлари ва хиёбонлар фаолиятида кўплаб камчиликлар мавжуд эканлигини кўрсатяпти.

Кўп ҳолларда истироҳат боғларида чиқиндилар тўпланиб қолган, дарахтларнинг қаровсиз ва суғорилмаслиги оқибатида қуриб қоляпти, боғларда суғориш тизими мавжуд эмас, истироҳат боғларининг аҳволи ачинарли ҳамда аҳоли дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун етарли шароитлар яратилмаган.

Йиғилишда турли вазирлик ва идораларга қарашли бўлган истироҳат боғларини маҳаллий ҳокимликлар тасарруфига ўтказиш, истироҳат боғларида аҳоли учун «сокин ҳудуд»ларни ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди. Бунда, мазкур боғларнинг камида 60-70 фоизи «яшил ҳудуд» бўлиши керак ва ушбу ҳудудларда бино-иншоотлар қурилишига рухсат берилмайди.

Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 1 тадан сайилгоҳ (жами – 12 та), «яшил майдон» ва аллея (жами – 25 километр), кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллаларнинг ҳар бирида «яшил майдон»лар ташкил этиш лозим. Шу билан бирга, пойтахтнинг 60 километр канал бўйлари, 250 километр пиёда йўлаклари атрофига манзарали дарахтлар экилиши белгиланди.

Айниқса, атроф муҳитни муҳофаза қилиш учун ИИВ тизимида «Экология полицияси» ташкил этилиши қонун устуворлигини таъминлашда хизмат қилади деб ўйлайман. Чунки йиллар давомида «табиат ўзи тозалайди» деган бефарқлик ва лоқайдлик кайфиятидан қутулишимизнинг бундан бошқа йўли йўқ.

«Экология полицияси» Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида ташкил этилади. Унинг зиммасига экология соҳасидаги қонунбузарликлар, жумладан дарахтларни рухсатсиз кесиш, браконьерлик, ноқонуний чиқиндилар ташлаш каби ҳолатларга қарши профилактика вазифалари юклатилади.

Ҳар бир соҳанинг ривожи ушбу тизимда ишлаётган кадрларга, малакали мутахассисларга бориб тақалади. Йиллар мобайнида экология масаласи эътиборимиздан четда қолгани каби соҳа учун кадрлар тайёрлаш масалалари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилгани сир эмас. Экологияни асраш учун тажрибали экологлар керак бўлсада, бундай мутахассисни топишнинг ўзи қийин бўлиб қолгани ҳам бор гап. Мисол учун, Экология қўмитаси тизимидаги 2 мингдан ортиқ ходимларнинг атиги 10 фоизи мутахассис ҳисобланади.

Қўмита ҳузуридаги илмий-тадқиқот институти фаолиятини такомиллаштириш, олимлар ва кадрлар тайёрлашни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бунинг учун мазкур илмий-тадқиқот институти замонавий техника ва лаборатория ускуналари билан жиҳозланади. Докторантурага квоталар 2 баравар оширилади. Институтда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича илмий даражаларни берувчи Илмий кенгаш ташкил этилади. Буларнинг барчаси табиатни асраш, экологик муаммоларнинг олдини олиш сари қўйилган муҳим қадам бўлиши, шубҳасиз.

Ўз навбатида Экологик партия ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан мамлакатимизда экологик қонунчиликни янада такомиллаштириш, ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни янада кучайтириш ҳамда қонунлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил этишда фаоллик кўрсатиши мақсадга мувофиқ. Экологик партия томонидан соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи амалдаги қонунчилик ҳужжатлари тизимлаштириш, жумладан Экологик кодексни қабул қилиш ғояси илгари сурилади. Шунингдек, «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилиниши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Нарзулло ОБЛОМУРОДОВ, 

Ўзбекистон Экологик партияси 

Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси.