Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Экология, табиатни асраб-авайлашда ҳеч кимнинг четда қараб туришга ҳаққи йўқ. Бинобарин, эндиликда булар умумбашарият муаммосига айланиб улгурди.

Хусусан, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экологик фожиа миллионлаб одамнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатди. Бу таъсир ҳатто узоқ қорли чўққиларда ҳам сезилмоқда. Иқлимнинг кескин ўзгариши, атроф-муҳитнинг жадал ифлосланиши, ер ва сув ресурслари деградацияси, биологик хилма-хилликнинг қисқариши каби трансчегаравий экологик муаммолар эса бунга янада жиддийроқ эътибор қаратишни талаб этади.

Айнан шу мақсадда қатор экологик жамоат ташкилотлари ташаббуси билан 2008 йилда Ўзбекистон экологик ҳаракати (Экоҳаракат)га асос солинган эди. Орадан ўн беш йил ўтди. Бу тарих нуқтаи назаридан жуда қисқа вақт, лекин бирор йўналишда амалий натижага эришиш учун етарлича муддат. Қуйида мазкур тузилма фаолиятини бир қур таҳлил қилишни лозим топдик.

Экоҳаракат “Соғлом муҳит – инсон саломатлиги” ғоясини асосий шиори ҳисоблаган ҳолда долзарб экологик муаммоларни комплекс ҳал этишда давлат ва жамоат ташкилотлари салоҳиятини бирлаштириш, ушбу йўналишдаги давлат дастурларининг амалга оширилишига кўмаклашиш, амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга йўналтирилган таклифлар ишлаб чиқиш, ёшларга экологик таълим-тарбия бериш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби ишларни босқичма-босқич амалга ошириб келмоқда. Ана шу эзгу мақсадлар йўлида ўтган вақт давомида юртимиз ва халқаро майдонда 4,5 миллиондан зиёд фаолни қамраб олган 14,5 мингдан ортиқ амалий-таҳлилий тадбир ўтказилди.

Атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштиришда жамоатчилик иштироки фаоллигини ҳар томонлама кучайтиришда давлат ҳокимияти органлари, муассасалар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликнинг самарали механизми йўлга қўйилди. Бу борада қатор меморандумлар имзоланди, атроф-муҳит муҳофазаси ва тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган ННТлар билан ҳамкорлик ўрнатилди. 2009 йилда Сирдарёда “Кўчат эк ва парвариш қил” шиори остидаги бошланган кўчат экиш акцияси кейинчалик республикамиз бўйлаб қулоч ёзди. Пировардида умумий майдони 90 гектардан иборат 20 дан ортиқ экобоғ барпо этилди.

Дарахт экиш акцияси бўйича жамоатчилик ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан қўллаб-қувватланиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига старт берилди. Энди ҳар йили юртимизда 200 миллион туп дарахт кўчати экиш, ушбу кўрсаткични беш йилда бир миллиардга етказиш мақсад қилинган.

2009 йилдан бошлаб ёз мавсумида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этиладиган “Чимён садоси” халқаро экологик-туристик фестивали доирасида “Биз тоза Чимён учун” экологик акцияси ўтказилиши анъанага айланган.

Оролбўйи аҳолиси ва атроф-муҳит саломатлиги учун Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича тадбирларга фаолларни жалб қилиш мақсадида кенг жамоатчилик иштирокида 2019 йилдан бошлаб “Оролга мадад” хайрия акцияси ўтказиб келинмоқда.

2022 йил августида Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган “Кўкаламзорлаштириш ишлари жамоатчилик эътиборида” мавзуида жамоатчилик эшитуви алоҳида эътирофга сазовор бўлди.

Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим-тарбия тизимини ривожлантириш Экоҳаракатнинг доимий диққат марказида. Мактаб ўқувчилари ўртасида “Онажоним табиат” ижодий танлови ўтказилиши анъанага айланиб қолди. Маҳаллаларда “Обод маҳалла – шаҳримиз кўрки”, “Атроф-муҳит муҳофазаси барчанинг иши” каби мавзуларда тадбирлар, анъанавий “Чимён садоси” фестивали доирасида “Очиқ осмон остида экомактаб” машғулотлари ўтказилмоқда.

Экологик муаммолар чегара билмайди

Экологик муаммоларнинг чегараси йўқ. Бугун ер юзининг қайсидир чеккасидаги экологик муаммо, албатта, эртага сизу биз яшаётган манзилга етиб келиши мумкин. Шу боис, Экоҳаракат халқаро ва хорижий ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантиришга асосий эътибор қаратмоқда. Жумладан, 2016 йилда Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳузурида (Фарғона водийси вилоятлари учун), 2018 йилда Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳузурида (Тошкент минтақаси учун) ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори кўмагида Ахборот-ресурс марказлари ташкил этилди. Улар аҳолининг экологик хабардорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус ва Мўйноқ шаҳарларида ўтказилган “ARAL MARATHON” биринчи халқаро экологик марафонида 30 мингдан ортиқ киши иштирок этди.

2019 йил 24-25 ноябрь кунлари Ўзбекистон экологик ҳаракати БМТ шафелигида Нукус шаҳрида ўтказилган “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” мавзуидаги халқаро конференцияни ташкил этиш ва ўтказишда фаол иштирок этди.

Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш тадбирларининг аксарияти кенг жамоатчилик, жумладан, жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди.

Атроф-муҳит муҳофазаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишига эришиш учун амалий ишларга янада кенг эътибор қаратиш лозим.  

Аҳоли ўртасида профилактика ишларини кучайтириш, Оролбўйида яшовчилар орасида касалликларни барвақт аниқлаш ва мониторингини юритиш мақсадида “Кегайли” ҚВП учун тиббий диагностика жиҳозлари ва воситалари, дори-дармонлар харид қилинди. Худди шу қишлоқ врачлик пунктини узлуксиз электр энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш мақсадида қуёш фотоэлектр станцияси ва қуёш батареялари ўрнатилди.

Амударё туманидаги “Океан” ва “Боғи эрам” фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Жиззах вилояти Фориш туманидаги “Мулла Саидқул” фермер хўжалигида томчилатиб суғориш технологияси фойдаланишга топширилди. Боғларни суғориш мақсадида ер ости қудуғидан сув олиш учун қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш тизими йўлга қўйилди.

Бухоро вилоятидаги “Жайрон” экомаркази ҳудудида экосайёҳлик салоҳиятини ошириш мақсадида ташриф маркази жиҳозланди.

Экоҳаракатнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ҳам Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, Қуйи Зарафшоннинг геоэкологик электрон харитасини ишлаб чиқиш, Наманган шаҳридаги “Камолот” боғида “Экоолам” кўргазма майдонини яратиш, Сирдарё қирғоқлари бўйлаб экотуризмни ривожлантириш, Фарғона ва Хоразм вилоятларида аҳолининг экологик дунёқарашини шакллантиришга кўмаклашиш бўйича ёшларининг экологик маданиятини оширишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилди.

2022 йилдан бошлаб Жиззах вилоятида Экоҳаракат томонидан Жаҳон ёввойи табиат фонди (WWF) лойиҳаси бўйича ишланмоқда. Лойиҳада арчали ўрмонзорларни тиклаш, грек ёнғоғининг қимматбаҳо турларини асраш ва қатор муҳим эндемик ўсимликларни сақлаш ва қайта тиклаш назарда тутилган.

Қилинажак ишлар ҳали кўп

Ўтган ўн беш йил кўплаб масалаларга янгича ечимлар излаш, ҳамкорлар сафини кенгайтириш, миллий ва халқаро миқёсда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли саломатлиги муаммоларига ечим топишда самарали иштирок этишга имкон берадиган тажрибаларидан фойдаланган ҳолда экология фаоллари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш даври бўлди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришишга бағишланган маросимдаги нутқида экологик муаммоларни ҳал этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар алоҳида тилга олиниб, “яшил иқтисодиёт”, “яшил энергия” тамойилларини кенг жорий этиш, сув ресурслари танқислигининг олдини олиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Сўнгги йилларда юртимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши курашиш ва унинг таъсирини юмшатиш борасида ижобий ўзгаришларга эришилмоқда.

Барқарор ривожланишнинг янги талабларидан келиб чиққан ҳолда экологик вазиятни яхшилаш, жумладан, ўсимлик ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилиш ҳамда асраш бўйича янгича ёндашув асосида ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Экологик масалаларга бўлган муносабат тубдан ўзгариб, уни бошқариш ва тартибга солувчи қонунчилик базаси такомиллаштирилмоқда. Янгича экологик тафаккур, экологик дунёқараш шаклланиб, аҳолининг экологик маданияти юксалмоқда.

Оролбўйи ҳудудларида экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган туб ислоҳотлар жадал тус олган. Сўнгги 6 йил ичида Орол денгизининг қуриган тубида 1 миллион 800 минг гектар майдонда ўрмонлаштириш ишлари олиб борилди. Бугун денгизнинг қуриган тубида яшил қопламалар пайдо бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг янгиланган конституциясида Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан давлат томонидан чоралар кўрилиши алоҳида белгилаб қўйилди. Бу эса сўнгги йилларда Оролбўйи ҳудудида амалга оширилаётган кенг кўламли амалий ишларни изчил давом эттиришни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклифларнинг рўёбга чиқарилиши мамлакатимизнинг янада тараққий этиши, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шундан келиб чиқиб, Экоҳаракат қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратишни мақсад қилган:

– муқобил энергия бўлмиш водороддан фойдаланиш технологиясини ҳаётга жорий этиш бўйича илмий тадқиқот ва амалий ишларни жадаллаштириш;

– мамлакатдаги сув ресурслари кадастрини ҳамда сув бошқаришнинг мукаммал ва барқарор стратегиясини ишлаб чиқиш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

– “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларни чуқур таҳлил қилиш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш;

– аграр соҳада экологик тоза ва ресурстежамкор инновацион агробиотехнологияларни қўллаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

– Оролбўйи ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини давом эттириш.

Шунингдек, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, ёшларга экологик таълим-тарбия беришнинг мукаммал ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишда қатнашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш масалалари бўйича давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари билан ҳамкорликдаги ишларни жадаллаштириш, мавсумий экологик муаммолар, жумладан, хазон, буғдойдан бўшаган ерда сомон ёқилишининг олдини олиш, бартараф этиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, ҳудудга хос экологик муаммолар юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлашни кенгайтириш, “яшил” энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги тамойилларини татбиқ этишнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга кўмаклашиш ҳам эътиборимиз марказида бўлади.

Экоҳаракат ва унинг кўп минг сонли фаоллари бундан кейин ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўлида мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш борасида барча куч-ғайратларини аямайди.

Саидрасул САНГИНОВ,

фалсафа фанлари доктори, профессор,

Ислом ХУШВАҚТОВ,

қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди