Учрашувни номзоднинг ишончли вакили, Ўзбекистон экология партияси Сурхондарё вилояти кенгаши раиси Иброҳим Ёқубов олиб борди ва иштирокчиларни сайловда фаол иштирок этиш ва ўзи хоҳлаган номзодга овоз бериш ҳар бир фуқаронинг хоҳиши эканлигини таъкидлаб, экология партиясидан номзоди кўрсатилган Нарзулло Олломуродовнинг номзодини якдиллик билан қўллаб-қувватлашга чақирди.
Шундан кейин номзод ўзининг сайловолди дастури билан йиғилганларни таништираркан, ўз дастурида белгиланган устувор вазифа ҳамда мақсадларига атрофлича тўхталди. Жумладан, янги сиёсий куч сифатида майдонга чиққан партиянинг халқчил саъй-ҳаракатларига атрофлича таъриф берди. Мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган экологик муаммоларни изчиллик билан ҳал этиш ҳамда иқтисодий тараққиётни таъминлашда жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга қаратилган йўналишлардан иборат ғоялари ҳақида сўзлади. Номзоднинг сайловолди дастурида давлатимизнинг ривожланиши ва эртанги куни билан боғлиқ бўлган муҳим ташаббуслар илгари сурилаётгани, аввало, атроф-муҳит мусаффолигига эришиш, элимизнинг турмушини яхшилаш ҳамда ижтимоий муаммоларни ҳал этишда мавжуд имкониятлардан фойдаланиш йўллари таклиф қилинаётганлиги билан аҳамиятлидир.
Президентликка номзод Нарзулло Обломуродов иқлим ўзгариши муаммосини ҳам эътибордан четда қолдирмаган. Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатишга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш орқали Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимой вазиятни ҳамда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш учун амалий ишлар қилиниши баён этилди.
“Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида таклиф қилинаётган сайловолди дастуримизда мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш, яшил тараққиёт тамойилларини иқтисодиётнинг барча тармоқларига жорий этиш орқали келажак авлод учун муносиб турмуш шароитлари яратиш ҳамда фаровон жамият барпо этиш каби мақсадлар илгари сурилган”, деди номзод.
Глобал иқлим ўзгаришлари, ҳаво харорати кўтарилиши, Орол денгизининг қуриши, салбий метеорологик жараёнларнинг такрорланиши, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланмаслик, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви кундан-кунга чуқурлашиб бораётган муаммолардан далолат бермоқда. Шунинг учун, ҳар қатра оби-ҳаётдан тежаб-тергаб фойдаланиш лозимлиги дастурда кўзда тутилган. Бундан ташқари, сув тежамкор технологияларни жорий этиш ҳисобига ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда сув исрофгарчилигига барҳам бериш, жумладан аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича қилиниши зарур бўлган бир қатор вазифалар баён этилди.
Келгусида экопартия энергетика соҳасини ислоҳ қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-марифий соҳаларни янада тараққий эттириш, шунингдек, ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни бунданда ривожлантириш борасида эзгу ишларга бош бўлиш вазифалари сайловчиларга етказилди.
Учрашув якунида иштирокчилар томонидан номзоднинг сайловолди дастури бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Берилган саволларга номзод батафсил жавоб берди.
Усмонали НОРМАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири