Ушбу қарор билан “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низом, кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари тасдиқланди.

Таъкидлаш керакки, ушбу кўкрак нишони билан ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга, аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг янги тизимини яратишга, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, жамиятда мутолаа маданияти, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган ва мазкур йўналишда юқори натижаларга эришган фуқаролар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар меҳнатга ҳақ тўлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти олади.

“Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони диаметри 34,0 миллиметрли доира шаклда бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.

“Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони гувоҳномаси 160х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади. Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) кўк рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.