Қуйида инсон мияси, у маълумотларни қандай қабул қилиши, шунингдек, бугунги ахборот асрида қандай шаклдаги маълумотларни қабул қилиш нисбатан фойдали эканлиги тўғрисида гаплашамиз.
Инсон мияси мураккаб орган бўлиб, у маълумотларни қабул қилади, қайта ишлайди ва бизга шу маълумотни талқин қилиб бериш вазифасини бажаради. Инсон маълумотларни сезги орагнлари, яъни эшитиш, таъм, ҳид билиш, кўриш ва тегиш орқали қабул қилади. Кейинги жараён олинган сигналлар миянинг ахборотни қайта ишлайдиган ва хулоса берадиган қисмларга юборилади. Шундан кейингина мия бизга кейинги ҳаракатларимиз ҳақида буйруқ беради. Бунга мисол қилиб деразани очиб, об-ҳаво қандайлиги тўғрисида маълумот олишни келтиришимиз мумкин. Дераза очилганда совуқ ёки иссиқ ҳавони тананггиз ҳис қилади ва шу орқали сигнал мияга етиб боради. Ўз ўрнида, мия ахборотни қайта ишлайди ва сизга қалинроқ кийиниш кераклиги тўғрисида ёки аксинча хулоса беради.
Сўнгги йилларда амалга оширилган тадқиқотларга кўра, биргина мисол тариқасида олимлар қуйидаги фактни келтиришади: инсоннинг мияси бир кунда ўртача 34 гигабайт маълумот қабул қилар экан. Бу бир кунда ўқиш мумкин бўлган юз минг сўзли матнга тенг. “Aхборот асри” деб аталаётган бугунги даврда бу кўрсаткич йилдан-йилга ошиб бориши шубҳасиз. Юқорида келтирилган фактга биз кун давомида дуч келадиган маълумотлар, яъни учратган янги инсонларимиз, уларнинг ташқи кўриниши, радио, телевидение, журнарлар ёки китоблардан олган ахборотимиздан ташқари кўча-кўйда кўзимиз тушадиган реклама баннерлари ва ҳоказолар ҳам киради. Хусусан, эрталаб уйғонгада об-ҳаво қандайлигини билиш учун деразамизни очиб, ташқарига назар ташлаб, бугунги ҳаво ҳақида қилган хулосамиз ҳам бундан четда қолмайди. Келинг, энди тасаввур қилиб кўрайлик, бир кунда тақрибан шунча маълумотни ўзига сиғдира оладиган миямиз бир йилда қанча ахборотни қабул қилади? Ўн йилда-чи? Буларнинг барчаси охир-оқибат миямизни тўлдириб қўйиб, биз ҳеч қандай маълумотни қабул қилолмайдиган бўлиб қолишимиз мумкинми? Aслида бундан хавотир олмасак ҳам бўлади. Чунки инсон мияси кўрган ҳар бир маълумотни эслаб қолмайди. У, шунчаки, қабул қилган информацияларни филтрдан ўтказиб саралайди ва бизга зарур бўладиган маълумотларни эслаб қолишга ҳаракат қилади. Яъни биз кўрган барча ахборотнингизни эслаб қолмаймиз. Лекин бизда хотирамизни янада кучайтиш имконияти ҳам йўқ эмас. Бунга еришиш учун хотира билан боғлиқ машқларни мунтазам бажаришимиз керак бўлади. Шунинг ҳисобига компютер хотирасига ўхшаб бизнинг хотирамизни тозалаш ёки қайтадан бўш жой ҳосил қилишга зарурат қолмайди.
Шунингдек, илмий кузатишлар шуни кўрсатадики, матнли маълумотларни қабул қиладиган инсонлар мия фаолияти, хотираси ахборотни аудио ёки видео шаклида қабул қиладиган кишиларга нисбатан яхшироқ бўлади. Бундан ташқари ахборотни матн шаклида қабул қилувчиларнинг фикрлаш қобилияти ҳам анча ривожланган бўлади. Шунинг учун ҳам бугунги кун олимлари одамларга кўпроқ китоб мутолаа қилишни маслаҳат беришади. Мунтазам китоб ўқиш мия фаолиятини яхшилаш билан бирга, инсон узоқроқ умр кўришини ҳам таъминлайди.
Дунё олимларининг хулосаларига қарайдиган бўлсак, ахборотни матн шаклида қабул қилиш биз учун энг фойдали усулдир. Бу билан бизнинг нафақат сўз бойлигимиз, балки нутқимиз ҳам равон бўлади.
ХVII асрда яшаган инглиз ёзувчиси Жозеф Aддисон “Ўқиш онг учун жисмоний машқ”, - дейди. Ўқиш миядаги занжирлар ва сигналларнинг мураккаб тармоғини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Яъни ўқиш қобилияти яхшилангани сари, бизнинг миямиз бошқаларга нисбатан воқеа-ҳодисалар ҳақидаги сигналларни тез қабул қилади, маълумотни қайта ишлаб, дарров хулоса беради. Қисқа қилиб айтганда инсоннинг фикрлашин тезлашади. Бунинг учун инсон диққат-эътиборли бўлиши ҳамда қабул килаётган маълумотини тушуниши керак.
Жоржтаун университетининг компютер фанлари бўйича доценти, “The New Yorker” газетаси муаллифи Кал Нюпот ўзининг “Дееp Wоrk” асарида шундай дейди: “Иқтисодиётда қимматли бўлиб қолиш учун… сиз мураккаб нарсаларни тез ўрганиш санъатини ўрганишингиз керак”. Бундай сифатга эришиш учун Нюпот инсонга когнитив ва диққатни бир жойга тўлиқ жамлаш кераклигини таъкидлайди. Microsoft компанияси олиб борган ўрганишлари натижасида одамлар видео ёки шу каби ахборотга атиги саккиз дақиқа диққатларини жамлай олишлари аниқланди. Ахборот коммуникациялари соҳаси ривожлангани сайин бу кўрсаткич ҳам ўсиб бормоқда. Aйнан матнли маълумотни ўқиш диққатни бир жойга жамлашда ниҳоятда самарали усулдир. Масалан, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини ўқиш давомида романдаги воқеалар, қаҳрамонлар кўз ўнгимизда гавдаланади ва худди кино лентаси кўз олдимиздан ўтаётгандек воқеалар ҳам ўтиб боради. Aслида шу жараён бошланиши учун ҳам биз аввал бор диққатинимизни китобга қаратишимиз керак. Яъни китобдан баҳра олмоқчимизми, унда диққатимизни бир жойга жамлашимиз керак!
Aтрофимизда содир бўлаётган вокеалар жуда кўп ва улар қайсидир маънода фикрлашимизга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Буларнинг ҳаммасидан қочиб-қутилишнинг ёки ахборот майдонини блоклаб қўйишимизнинг имкони йўқ. Лекин кун давомида ёки кунора миямизни матнли ахборот билан кучлироқ қилишмиз ва китоб ўқиб фикрлаш жараёнимизни янада тезлаштиришимиз мумкинлиги ҳақида унутмаслик керак!
Ноҳида Мухторова,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси