Музей раҳбари,  фақиҳ олим, араб тилини мукаммал билувчи мутахассис Билолхон Рустамов томонидан китоблар қисман тадқиқ қилинганда улар орасида 1200 йил аввал битилган Калом илми - ақоид, калом фалсафасига оид ноёб китоб борлиги аниқланди, дея хабар беради Медиа Департамент канали.

- Зеру забарсиз ёзилган ушбу китоб бизга Ислом цививилизацияси марказида сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафини эслатади. Бу услубда фақат VII -VIII асрларда китоб битилган. Ундан сўнг зеру забар билан ёзилган. Шу омил бизга ушбу китобни қадимийлигидан далолат бериб турибди, - дейди Билолхон Рустамов.

Ушбу қўлёзма Марказий Осиёдаги энг нодир топилма сифатида баҳоланмоқда.

Муаллифи Абулфайз Файзий бўлган табобат, дуо, вирдлар тўпламидан иборат XVI асрга оид қўлёзма ҳам аҳамиятлилиги жиҳатидан биринчи топилмадан кам эмас. У Султонил Аъзам ва ҳоқонил Акрам Абулфатҳ Жалолиддин Муҳаммад Акбар подишоҳул Ғозий учун иншо этилган. Бу ҳукмдор шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг набираси Буюк Акбардир.

Янги қабул қилинган китоблар орасида XVII - XIX асрларга оид  тариқат одоблари ҳақида «Танбеҳоти дарвешия», «Қиссаи Иброҳим Адҳам», «Қиссаи Имоми Хасан Имоми Хусан», фиқҳ, масъала, яшаш одоблари ҳақида «Салоти Масъудий», тарихга оид катта босма китоб, «Чор китоб», Пайғамбаримиз сийратлари ҳақидаги «Сияри Шариф»китоби (туркий шарҳи билан), Абулқосим Фирдавсийнинг «Шохнома» асари (ноёб суратлари билан), Фузулийнинг Санкт Петербург назорати остида 1891 йилда Тошкентда Лахтин литографиясида босилган «Лайли ва Мажнун» китоби, Сўфи Оллоёрнинг 10 минг байтдан иборат «Маслакул муттақийн» (Тақводорларнинг йўллари) ҳамда «Маворидул Калим» китоблари мавжуд.

Ушбу китоблар тез орада манбашунос олимлар томонидан тадқиқ этилиши режалаштирилмоқда.